Ўзбекистонлик қизлар Туркиядаги хорижлик келинлар рейтингига кирди
Жамият
−
24 Февраль 7200 2 дақиқа
Туркияда хорижлик келинлар ва куёвларнинг 2025 йилга оид статистикаси эълон қилинди. Унда ўзбекистонлик келинлар 13,7 фоиз кўрсаткич билан сурияликлардан сўнг иккинчи ўринни эгаллади. Бу ҳақда Туркия Статистика қўмитаси хабар берди.
Эълон қилинган маълумотларга кўра, 2024 йилда никоҳ қурган жуфтликлар сони 569 983 нафарни ташкил этган бўлса, 2025 йилда 552 237 нафарга етган. Шундан чет эл фуқаролари билан тузилган никоҳлар таҳлил қилинган.
Унга кўра, 2025 йилда чет эллик куёвлар сони 5 347 нафарни ташкил этиб, жами куёвларнинг 1 фоизига тенг бўлган. Чет эллик келинлар эса 28 646 нафарни ташкил қилиб, жами келинларнинг 5,2 фоизини ташкил этган.
Чет эллик келинлар орасида 13,8 фоиз билан сурияликлар етакчи бўлган. Улардан кейинги ўринларни 13,7 фоиз билан ўзбекистонликлар ва 9,6 фоиз билан марокашликлар эгаллаган.
2025 йилда 3 924 нафар ўзбекистонлик аёл Туркия фуқаролари билан расмий оила қурган. 2024 йилда 3 509 нафар ўзбекистонлик аёл Туркия фуқароларига турмушга чиққан ва ўшанда ҳам улар хорижлик келинлар рейтингида иккинчи ўринни эгаллаган.

Фуқаролигига кўра чет эллик куёвлар орасида 20,9 фоиз билан сурияликлар биринчи ўринни қайд этган. Улардан кейин 18,8 фоиз билан германияликлар, 5 фоиз билан афғонистонликлар жой олган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2019 йил давомида жами 1 550 нафар ўзбекистонлик қиз Туркия фуқароларига турмушга чиққани ҳақида хабар берилган эди.