Ўзбекистонлик боксчи рақибини тишлагани учун Осиё чемпионлигидан маҳрум бўлди (видео)
Спорт
−
10:53
7919Яқиндагина Таиландда бўлиб ўтган бокс бўйича катталар ўртасидаги Осиё чемпионатининг -71 кг вазнида олтин медални қўлга киритган ўзбекистонлик Ҳавасбек Асадуллаев финалда қозоғистонлик рақибини мағлуб этган бўлса ҳам, жангда қилган қоидабузарлиги учун дисквалификация қилинди. Бу ҳақда Осиё бокс конфедерацияси хабар берди.
Маълум бўлишича, Аблайхон Жусуповга қарши жанг қилган Асадуллаев IBA ўйин қоидаларининг 21.1.8 банди бўйича таснифланган ҳаракатни амалга оширган, яъни ўзбекистонлик боксчи эпизодлардан бирида рақибини тишлаб олган, бу вазият эса ҳакам томонидан эътиборсиз қолдирилган.
Қозоғистон бокс федерацияси эса ҳолат юзасидан эътироз билдириб, Осиё бокс конфедерациясига хат йўллади ва ташкилот Қозоғистон томонининг эътирозини ижобий ҳал қилди.
Қозоғистон бокс федерацияси юборган норозиликдан сўнг Осиё чемпионатининг техник вакили Сади Даффи Асадуллаевни жангдаги жиддий қоидабузарлиги учун дисквалификация қилиш тўғрисида қарор қабул қилди.
Асадуллаевга тайинланган чеклов қанча муддат амал қилиши маълум эмас.
Бокс қоидаларининг 19.8.1 бандига кўра, боксчи бирор сабабга кўра дисквалификация қилинса, унинг рақиби жанг ғолиби деб эълон қилинади.
Конфедерация муваққат президенти Азиз Кожамбетов Асадуллаев дисквалификация қилинганидан кейин қозоғистонлик Аблайхон Жуссуповни 71 кг вазн тоифасида ғолиб эканини эълон қилди.
Шундай қилиб, Ўзбекистон эркаклар бокс терма жамоасининг Осиё чемпионатидаги медаллари сони 1 тага камайди ва олтин медаллари сони 7 тага тушиб қолди.
LiveБарчаси