Ўзбекистонлик блогер гиёҳванд моддалар рекламасига алоқадорликда айбланмоқда
Жамият
−
21 Ноябрь 2019
23608Ўзбекистонлик Instagram фойдаланувчилари орасида машҳур бўлган блогер Шаҳзода Салимжонова Олма-отада гиёҳванд моддалари реклама қилинган баннерларга қандай алоқаси борлигини маълум қилди. Бу ҳақда “inAlmaty.kz” нашри хабар бермоқда.
Айни вақтда Шаҳзода Instagram`да 780 мингдан ортиқ кузатувиси бўлган аудиторияга эга. Бир ой аввал номаълум кимсалар унга бир лойиҳада иштирок этиш, шу орқали ўзи ва блогини реклама қилиб олиш таклифи билан чиққан.
“Бизнинг лойиҳа пиарида ҳам онлайн, ҳам офлайн реклама бўлади. Офлайн реклама катта ўлчамдаги баннерлар, билборд, промоутер, транспортдаги рекламалардан иборат бўлади. Сизнинг саҳифангиз ва суратингиз 4 мамлакат ва 10 та шаҳарда жойлаштирилади”, деган блогер билан алоқага чиққан реклама бўйича менежер.
Келишувга кўра, Шаҳзода ўз саҳифасида янги “челленж” ҳақида пост қолдириши керак бўлган. Унда иштирок этиш шартлари жуда оддий: билборд олдида суратга тушиб, ўз Instagram саҳифасига қўйиши керак. Ким шундай қилса, ўз-ўзидан iPhone ва бошқа қимматбаҳо совғалар ўйналадиган конкурс иштирокчисига айланарди.
“Баннерларда наркотик моддалар реклама қилинаётганини билишим биланоқ постни ўчириб юбордим. Мен билан реклама бўйича боғланган қиз ўзи ҳам ҳеч нимадан хабардор эмаслигини айтди. У менга икки кишининг телефонеи рақамини берди, аммо улар менга жавоб қайтаришмади. Мен бу вазиятда блогерлар айбдор деб, ҳисобламайман, ахир биз наркотиклар ҳақида билмаган эдик”, дейди Шаҳзода.
Блогер вазият ҳақида унга кузатувчилари direct орқали айтганини қўшиб қўйди. У реклама берувчиларни судга бериш ниятида.
Маълумот учун, Олма-отада наркотик моддаларни реклама қилган компания жаримага тортилган. Буюртмачининг шахси аниқланган. Ҳуқуқ-тартибот органи ходимларининг таъкидлашича, у Қарағанда вилоятидан бўлиб, у ҳақдаги барча маълумотлар вилоят полиция бошқармасига берилган. Кейинроқ наркотик моддалар сотувчи сайт рекламаси Нур-Султондаги учта кўчага ҳам ўрнатилгани аниқланган.