Ўзбекистонлик 27 нафар мутахассис Осиё ўйинларида ҳакамлик қилади
Спорт
−
22 Сентябрь 2023
2260Хитойнинг Ханчжоу шаҳрида 23 сентябрь-8 октябрь кунлари ХIХ ёзги Осиё ўйинлари бўлиб ўтади. Мазкур мусобақада Ўзбекистон номидан 27 нафар спорт мутахассиси баҳсларини бошқариб борадиган бўлди.
Жумладан, Ўзбекистон Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари, мамлакат Oғир атлетика федерацияси раиси ўринбосари Шахрулла Маҳмудов Осиё ўйинларининг оғир атлетика мусобақаларини ўтказиш қўмитаси раиси этиб тайинланди.
Ўзбекистон гимнастика федерацияси раиси ўринбосари Гўзал Мўминова эса бадиий гимнастика мусобақаларини ўтказиш қўмитаси раҳбари сифатида фаолият кўрсатади.
Мусобақанинг расмий очилиш маросими эртага, 23 сентябрь куни бўлиб ўтсада, бугун, 22 сентябрь куни бир неча спорт турлари бўйича баҳсларга старт берилди.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ханчжоу-2022 доирасида академик эшкак эшиш бўйича ярим финал беллашувлари бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон номидан қатнашаётган Токио Олимпиадаси кумуш медали соҳибаси Анна Пракатен 7:47.88 натижа кўрсатиб, мусобақа финалига йўл олди.