Ўзбекистонга янги телефон олиб кириш енгиллашмоқда
Жамият
−
30 Октябрь 2023
13114Эндиликда Ўзбекистонда жисмоний шахслар ҳар сафар чегарадан ўтганида 2 та телефон аппаратини, шу жумладан, мобил алоқа модулига эга бўлган телефонлар ва қурилмаларни божсиз олиб кириши мумкин бўлади. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси томонидан жорий йилнинг 26 октябрь куни қабул қилинган қарорда сўз борган.
2024 йилнинг 28 январидан кучга кирадиган ўзгартиришларга кўра, аэропорт орқали олиб кирилаётганда битта ёки иккита телефоннинг умумий суммаси 2000 АҚШ долларидан ошмаслиги керак. Агар сумма шартли равишда 2300 доллар бўлса, у ҳолда 300 долларга 30 фоиз бож қўлланилади.
Қайд этилишича, ушбу тузатишлар халқаро курьерлик жўнатмалари орқали келган товарларга тааллуқли эмас, яъни жисмоний шахслар ҳар чоракда 1000 долларлик товарларни сотиб олиши мумкин бўлади.
Бундан ташқари, янги телефонларни олиб киришда мажбурий декларация жорий этилмоқда. Бунда телефонларни олиб кирувчи фуқаролар “қизил” йўлак бўйлаб чегарадан ўтиб, божхоначилар орқали декларация тўлдириши керак бўлади.
Шунингдек, норезидентларга тегишли мобил қурилмалар IMEI–кодларининг кулранг рўйхатда бўлиш муддати 30 календар кунидан 60 календар кунига узайтирилади.
Маълумот учун, ҳукуматнинг 2018 йил 22 июндаги қарори билан маиший техника, телефонлар ва бошқа товарларнинг умумий қийматига қараб бож тўланмайдиган нормалари белгиланган. Унга кўра, жисмоний шахслар ҳар 6 ойда фақат битта телефон аппарати, шу жумладан, қўл телефонини божсиз олиб киришлари мумкин эди. Эндиликда бу тартиб ўзгармоқда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь