Ўзбекистонга ноқонуний бензин ташиганлар узоқ муддатга қамалди
Олам
−
20 Август 10089 2 дақиқа
Қозоғистон Республикасининг Туркистон вилояти судида бензин контрабандасида айбланган 5 кишига ҳукм ўқилди. Улар AI-92 маркали ёнилғини йирик миқдорда ноқонуний равишда чегарадан олиб ўтишда айбдор деб топилди. Бу ҳақда “Nur.kz” хабар берди.
Қайд этилишича, иш жиноят ишлари бўйича Туркистон вилояти судида кўриб чиқилган. 5 нафар судланувчига трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ тузиш ва унга раҳбарлик қилиш, унда иштирок этиш, шунингдек, нефть маҳсулотларини йирик миқдорда ўғирлаш, сақлаш, ташиш ва сотиш ҳамда давлат чегараси орқали ноқонуний олиб ўтишда айблов қўйилган (Жиноят кодексининг 264-моддаси 1-2-қисми, 197-моддаси 4-қисми 1-2-бандлари, 234-моддаси 3-қисми 2-банди).
Суд материалларига кўра, 2024 йилнинг июлида судланувчилардан бири Ўзбекистонда бензин нархи юқорилигидан фойдаланиб, моддий аҳволини ноқонуний яхшилаш мақсадида таниши бўлган ўзбекистонлик фуқаро билан тил бириктирган. У трансмиллий уюшган жиноий гуруҳ тузиб, унга раҳбарлик қилган ва тўрт нафар бошқа шахс ҳамда ўзбекистонликларни гуруҳга қўшган.
Тергов жараёнида аниқланишича, улар Сирдарё туманидаги Саркирама қишлоғидаги хўжалик ҳовлисидан 375 метр узунликдаги ер ости қувурини ўтказган. Қувурнинг бир қисми Қозоғистон ҳудудидан, иккинчиси эса Ўзбекистон ҳудудидан ўтган. 2024 йилнинг августидан декабригача улар божхона назоратини четлаб ўтиб, 420 тонна AI-92 маркали бензинни умумий қиймати 112 миллион 512 минг тенге бўлган ҳажмда чегарадан ноқонуний олиб ўтган.
Прокурор гуруҳ раҳбарини 15 йилга, қолганларини эса 12 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўраган. Аммо судланувчилар ўз айбини тан олмаган ва оқлашни сўраган. Суд уларнинг кичик ёшли фарзандлари борлигини енгиллаштирувчи ҳолат сифатида ҳисобга олган. Оғирлаштирувчи ҳолатлар аниқланмаган. Жорий йилнинг 18 август куни суд қарори чиқарилган: гуруҳ раҳбарига 15 йил, қолган тўрт кишига эса 13 йилдан озодликдан маҳрум этиш жазоси тайинланган.
Тинтув вақтида топилган 3 миллион тенге, 16 минг литр AI-92 бензини, ЗИЛ ва ГАЗ юк автомобиллари мусодара қилинган ва давлат фойдасига ўтказилган. Ҳукм ҳали қонуний кучга кирмаган.
Эслатиб ўтамиз, 2024 йил декабрида Қозоғистон ва Ўзбекистонда ёнилғи контрабандаси билан шуғулланган жиноят гуруҳи фош этилгани ва 450 метрлик яширин туннель йўқ қилингани хабар қилинганди. Қозоғистон прокуратураси маълумотига кўра, бу туннель орқали ҳар куни 5-7 тонна ёнилғи контрабанда йўли билан олиб ўтилган. Шу асосда барча гумондорлар, жумладан Ўзбекистон фуқаролари ҳам аниқланган. Жорий йилнинг июль ойида мазкур иш бўйича Қозоғистон Республикасининг 5 нафар фуқароси гумондор деб топилиб, тергов ниҳоясига етказилиб, иш судга юборилган.
Live
Барчаси