Ўзбекистонга гиёҳвандлик воситаларини олиб кирмоқчи бўлганлар ушланди
3-саҳифа
−
23 Апрель
4292Давлат чегараси орқали Тожикистон ва Қирғизистондан ўтказилган гиёҳвандлик воситалари тўхтатиб қолинди. Бу ҳақда Давлат хавфсизлик хизмати маълум қилди.
Гиёҳвандлик воситаларининг контрабандасига қарши курашиш доирасида ДХХ Чегара қўшинлари ҳарбий хизматчилари томонидан олиб борилган тезкор-қидирув тадбирлари натижасида бир нечта ноқонуний ҳолатларга чек қўйилди.
Жумладан, “ўзбек-тожик” давлат чегарасининг Самарқанд вилояти Ургут тумани Чеп қишлоғи ҳудудидан ўтган қисмида, номаълум шахслар томонидан Тожикистондан олиб келиниб, қолдириб кетилган 980 гр. “героин” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди. Ҳозирда ушбу гиёҳвандлик воситаси эгаларининг шахсига аниқлик киритиш бўйича зарур чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Андижон вилоятида кузатилган ҳолатда, Қўрғонтепа туманининг Қорасув шаҳрида яшовчи, 1996 йилда туғилган муқаддам судланган шахс таркибида “Прегабалин” кучли таъсир қилувчи моддаси бўлган 30 000 дона “Nervegesic” номли дори воситасини Қирғиз Республикасидан давлат чегараси орқали ноқонуний равишда ўтказган вақтида ушланди.
Бундай қонунбузилиши Наманган вилоятида ҳам қайд этилиб, унда 3121 дона “Тропикамид” кучли таъсир қилувчи дори воситаларини Қирғиз Республикасидан контрабанда йўли билан Косонсой тумани ҳудудига ўтказган вақтларида 1992 ва 1993 йилларда туғилган 2 нафар маҳаллий фуқаро ашёвий далиллар билан қўлга олинди. Шунингдек, уларнинг 1988 ва 1993 йилларда туғилган 2 нафар жиноий шериклари ҳам процессуал тартибда ушланди.
Ҳозирда учала ҳолат юзасидан жиноят ишлари қўзғатилиб, қонунбузарларга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган.
LiveБарчаси