Ўзбекистондаги ЙТҲда хорижликлар ҳалок бўлди
Жамият
−
05 Август 2019
5299Ўзбекистонда юз берган йўл-транспорт ҳодисасида уч нафар Қозоғистон фуқароси ҳалок бўлди. Бу ҳақда қўшни мамлакат Ташқи ишлар вазирлиги маълум қилди.
“3 августда Навоий вилоятининг Нурота туманидан ўтувчи “Нурота-Жиззах-Фориш” автомобиль йўлининг 136 кмда Nexia автомобили йўлнинг қарама-қарши томонига чиқиб кетган ва Isuzu юк автомобили билан тўқнашган. Енгил автомобилда 7 киши, шу жумладан 2 нафар вояга етмаган болалар бўлган. Тўқнашув натижасида 3 нафар Қозоғистон фуқароси (1952, 2013, 2016 йиллар) воқеа жойида ҳалок бўлган”, дейилади хабарда.
Яна 3 нафар қозоғистонлик жиддий жароҳат олиб, Нурота туманидаги тиббиёт муассасасига ётқизилган. Жабрланганлар ҳушини йўқотмаган, бироқ аҳволи оғирлигича қоляпти.
Қозоғистоннинг Ўзбекистондаги дипломатик корпуси вакиллари жабрланганлар ва уларнинг яқинларига керакли ёрдамни кўрсатган. Барча ҳалок бўлганлар асли ўзбекистонлик бўлиб, уларнинг қариндошлари Ўзбекистон ҳудудида яшайди. Шу сабабдан қариндошлари марҳумларни Ўзбикистон ҳудудида дафн этишга қарор қилган.