Ўзбекистондаги телеканалларда 5 августдан хориж сериалларига чеклов ўрнатилди

Маданият-санъат

image

Аввалроқ, Ўзбекистондаги барча телеканалларда янги тартиб жорий этилаётгани, унга кўра, телеканаллар хориж сериалларини кунига бир маҳалдан ортиқ намойиш этишига нисбатан тақиқ қўйилаётгани ҳақида хабар берган эдик. Ушбу қоида кеча, 5 августдан эътиборан кучга кирди ва барча телеканалларга бир суткада бор-йўғи 1,5 соат хориж сериалини намойиш этиш ҳуқуқи берилди. 

5 августдан эътиборан, мамлакатдаги энг томошабинбоп телеканаллар “Sevimli”, “Zo`r”, “Milliy” телеканалларининг эфир дастурига ўзгартириш киритилган. “Sevimli” телеканалида эфирга узатилаётган “Йиғлама, она”, “Аёл”, “Чуқур”, “Сўйла... Қора денгиз” номли турк сериаллари олиб ташланган. Фақатгина “Фазилат хоним ва қизлари” сериали эфирда қолдирилган. 

“Milliy” телеканалида ҳам ҳудди шундай ҳолатни кузатиш мумкин. Ҳар куни эфирга узатилаётган “Ёмонлик дунёга устун бўлолмас” бўлолмас сериали шанба кунга кўчирилган. “Муҳташам юз йил” сериалининг эфир вақти эса 1,5 соат этиб белгиланган. 

“Zo`r” телеканалида эса “Парчаланган юраклар” сериалининг вақти 1,5 соат этиб белгиланиб, “Мени қўйиб юборма” фильми эфирдан олиб ташланган. 

Эслатиб ўтамиз, Ахборот фаолияти ва маълумотлар узатишни такомиллаштириш ва самарадорлиги ошириш бўйича идоралараро мувофиқлаштириш комиссиясининг жорий йил 25 июль куни имзолаган 124-баёнида нодавлат телеканаллар фаолияти бўйича айрим чекловлар ўрнатилган. Баённомага кўра, телерадиоканалларда кунлик эфир жадвалини тузишда шундай тартиб ўрнатиладики, унга мувофиқ: 

•    эфир вақтининг асосий қисмини оригинал кўрсатувлар билан тўлдириш, миллий бадиий фильм ва сериалларга устуворлик бериш;

•    чет эл сериалини бир суткада фақат бир мартадан кўп бўлмаган ҳолда намойиш этиш белгиланди.

Телеканалларда намойиш этиладиган чет эл сериали қатъий равишда Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунчилик талабларига жавоб бериши таъминланиши шартлиги белгиланди. 

Маълумот ўрнида, 2017 йил охирларида Ўзбекистондаги “Зўр” телеканалида намойиши бошланган “Севги изтироби” турк сериали 2018 йилнинг февраль ойи ўрталарига келиб эфирдан олиб ташланган эди.

2018 йилнинг 14 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Бош вазири Абдулла Арипов “Хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш ва оила институтини мустаҳкамлаш соҳасидаги фаолиятни тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президенти фармонининг ижросига бағишланган видеоселектор йиғилишида ушбу сериални танқид қилиб, хусусий телеканалларда эфирга узатилаётган сериалларнинг мазмун-моҳиятига эътибор қаратиш бўйича мутасаддиларга зарур кўрсатмалар бериб, “Зўр” телеканалида намойиш этилаётган “Севги изтироби” сериалини танқид қилган эди. 

Ҳукумат раисининг танқидидан сўнг, 2018 йилнинг 17 февралига келиб сериал эфир дастуридан олиб ташланганди. Жорий йилнинг 29 июлидан эътиборан сериал яна эфирга қайтаётгани маълум қилинди. Шу куни сераилнинг қолган қисми намойиш этилди. QALAMPIR.UZ`да “Зўр”дан зўр чиқди! Бош вазир тақиқлаган сериал яна экранга қайтди" номли мақола эълон қилингач, кеча, 30 июль куни “Севги изтироби” намойиши яна тўхтатилди.


Мақола муаллифи

Теглар

Баҳолаганлар

476

Рейтинг

2.9

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг