Ўзбекистондаги куч ишлатар тузилмалар орасида яна “авторитет” пойгаси бўладими?
Жамият
−
05 Апрель 2021
37913Янги Ўзбекистон шаротида энг “орқага қайтиш йўқ”, деган жумла кўп бор қулоққа чалинмоқда. Бироқ, ўзгаришлар, эркинлик ва демократия шамоли баъзан шиддат билан, баъзан эса ўта сокинлик билан эсаётгандек. Тўғри, ўтган 4 йилда Ўзбекистонда мисли кўринмаган ўзгаришлар содир бўлди, бироқ биз тўлиқ натижага етганимиз йўқ. Бу туганмас жараён ва меҳнатни талаб этади. Бироқ, олдинда йирик сиёсий воқеа – Президент сайлови турибди. Мамлакатда сўнгги вақтларда содир бўлаётган ҳолатлар куч ишлатар тузилмаларнинг яна фаоллашишига ёки улар орасида “авторитет” пойгасига олиб келадими?
Бу ҳақдаги савол билан QALAMPIR.UZ раҳбари Қамариддин Шайхов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари Алишер Қодировга юзланди. Қодиров қуйидагича жавоб берди:
“Бугун биз демократик очиқ жамиятни шакллантиряпмиз. Бугунги кунда нодавлат ташкилотларнинг жамиятдаги ўрни сезиларли даражада ошди. Сиёсий партиялар, парламентнинг хатти-ҳаракатлари куч ишлатар тузилмаларнинг аввалгидек ўз хоҳишлари билан бир нарсаларни ўзгартириш имкониятини бермайди. Энди бир куч ишлатар тизими бирор бир масалани ўз хоҳишига мослаб оломайди”.
Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосарига кўра, бугунги парламент, бугунги депутатлар, бугунги жамият кечагидек эмас. Энди куч ишлатар тузилмаларнинг ўз хоҳиш-иродасидан келиб чиқиб ўзгариш қилолмайди.
“Бир нарсани таъкидлаш керак, бугунги кунда Ўзбекистондаги бошқарув идоралари – Президент Администрациясидан бошлаб, Ҳукумат бўладими, Парламент бўладими – барча ҳокимиятлар бугун очиқлик ва шаффофлик тизимида ишлашга ўрганди. Бу бир нечта идоралар хоҳлаб ҳам ўзгартириши имкони бўлмаган бир жараён. Яъни Президент бир неча йиғилишларда буни такрор ва такрор айтдики, орқага қайтиш йўқ. Одамлар эркинликка ўрганди. Одамлар фикрини очиқ айтишга ўрганди. Давлат тасарруфида бўлмаган ташкилотлар ўз ҳақ-ҳуқуқларини ҳимоя қилишни ва буни қонунларда акс эттириш жараёнларини ўрганди. Одамлар жамият сиёсий ҳаётида фаоллашди. Чекловларни киритишга ҳаракат бўлиши мумкин, албатта. Лекин бу аввалгидек осон шаклда ва хоҳлаганда бўлмайди”, дейди Қодиров.
“Миллий тикланиш” демократик партияси раиси Алишер Қодиров сўзида давом этаркан, Қонунчилик палатаси аъзолари Ички ишлар вазирлигининг айрим ҳолатлар бўйича жарималар қўллаш бўйича таклифини ва Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонунни маъқулламаётганини қўшимча қилди.
“Бу борада бир нечта мисоллар келтириш мумкин. Масалан, Ички ишлар вазирлиги айрим хатти-ҳаракатлар бўйича жарималар қўллаш бўйича таклифларини парламентдан ўтказа олмаяпти. Ёки Фавқулодда вазиятлар тўғрисидаги қонун лойиҳаси Қонунчилик палатаси томонидан муҳокама қилиняпти. Қонун жуда кескин эътирозлаарга сабаб бўляпти. Бу қонунга эҳтиёж борлигини ҳеч ким рад этмайди, лекин ундаги чекловларнинг ҳуқуқий асослари нуқтаи назаридан депутатлар ўз сайловчиларининг манфаатидан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қиляпти. Яъни бугунги парламент аввалги парламент эмас. Шунингдек, депутатлар ва нодавлат ташкилотлар ҳам аввалгидек эмас. Жамиятдаги муҳокама, очиқ тортишувлар ва рақобат муҳитини тўхтатиш учун нафақат давлат идоралари, жуда кўп идораларнинг ҳам кучи етмаса керак. Президент таъбири билан айтганда, Ўзбекистондаги очиқлик сиёсати орқага қайтмас даражада илгарилаб кетди”, дейди Қодиров.
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси спикерининг ўринбосари – “Миллий тикланиш” демократик партияси раҳбари Алишер Қодиров билан эксклюзив интервьюнинг тўлиқ шаклини юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ'нинг YouTube'даги саҳифасида томоша қилишингиз мумкин.
LiveБарчаси