Ўзбекистондаги барча хорижий сайёҳлар ортга қайтарилади
Жамият
−
15 Март 2020
7163Айни вақтда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида бўлиб турган хорижий сайёҳлар тартиб билан, махсус рейслар орқали ўз юртларига қайтарилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар бермоқда.
Аввал хабар қилганимиздек, бугун, 15 март куни Вазирлар Маҳкамасида Ўзбекистон Республикасига коронавируснинг кириб келиши ва тарқалишининг олдини олиш юзасидан чора тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссиясининг матбуот анжумани бўлиб ўтди. Унда Ҳукумат раиси Абдулла Арипов эртага, 16 мартдан эътиборан Ўзбекистонда барча мамлакатлар билан авиақатновлар ва автомобиль транспортида йўловчи ташиш тўхтатилиши, темир йўлга эса яна уч кун муҳлат берилишини маълум қилди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитасининг размий баёнотига кўра, ҳозирда чет давлатларида бўлиб турган Ўзбекистон фуқаролари ҳам махсус рейслар билан Ўзбекистонга қайтарилади. Уларнинг бари маълум муддат карантин режимида бўлади.
“Туризм соҳасида фаолият юритувчи барча бизнес вакилларидан бундай вазиятда ваҳимага тушмасликни сўраб, барча масалалар Ўзбекистон Республикаси Транспорт вазирлиги билан бирга тартиб билан ҳамжиҳатликда ҳал қилинишини маълум қиламиз”, расмий баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, бугун, 15 март куни соат 06:00 да Ўзбекистонда коронавирус билан боғлиқ илк ҳолат қайд этилди. Ушбу вирусни юқтириб олган фуқаро жорий йилнинг 11 март куни Франциянинг Париж шаҳридан қайтган. Вирус билан оғриган ўзбекистонлик аёл олий тоифали шифокор бўлган.
Ҳурматли фуқаролар, коронавирус билан боғлиқ вазият сабаб ваҳима кўтаришга асос йўқ. Вирусни юқтириб олмаслик учун санитария-гигиена қоидаларига риоя қилинг.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь