Ўзбекистондаги АЭС қурилишида Беларусь тажрибасидан фойдаланилади
Жамият
−
20 июл 1532 2 дақиқа
Бугун, 20 июль куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Беларусь Республикаси Бош вазири ўринбосари Виктор Каранкевич бошчилигидаги делегацияни қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлат раҳбарига Беларусь Президенти Александр Лукашенконинг самимий саломи ва эзгу тилакларини етказган.
Ўзбекистон билан Беларусь ўртасидаги стратегик шериклик муносабатларини янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилган.

Мамлакат етакчисининг шу йил 8-9 июль кунлари Минск шаҳрига амалга оширган расмий ташрифи, энг аввало, савдо-иқтисодий соҳада самарали натижалар бергани мамнуният билан қайд этилган.
Товар айирбошлаш ҳажмини 2 миллиард долларга етказиш ҳамда иқтисодиётнинг устувор тармоқларида кооперация лойиҳаларини илгари суриш мақсадида қабул қилинган чора-тадбирлар режасини ўз вақтида амалга ошириш муҳимлиги таъкидланган.
Мамлакатда биринчи атом электр станцияси ва турдош инфратузилмани барпо этишда Беларусь тажрибасидан фойдаланиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.
Бўлажак атом электр станциясини лойиҳалаш, қуриш ва эксплуатация қилиш жараёнларини экспертлик жиҳатидан қўллаб-қувватлаш, соҳа учун миллий кадрларни тайёрлаш ҳамда тегишли олий таълим муассасалари ўртасида қўшма дастурларни йўлга қўйиш шулар жумласидан.
Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 8-9 июль кунлари Шавкат Мирзиёев расмий ташриф билан Беларусда бўлди ва мамлакат Президенти Александр Лукашенко билан музокара ўтказди. Музокаралар якунида етакчилар Стратегик шериклик муносабатларини ўрнатиш тўғрисидаги декларацияни имзолади.