Ўзбекистонда йўл қурилиш соҳасига хусусий шериклар жалб қилинади

Жамият

image

Бугун, 12 сентябрь куни Президент Шавкат Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтаётган йўл хўжалиги соҳасини ислоҳ қилиш бўйича долзарб масалалар юзасидан режалаштирилган йиғилишда соҳага хусусий шерикларни жалб қилиш муҳимлиги қайд этилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди. 

Маълум қилинишича, йиғилишда ҳокимлар ва Автомобил йўллари қўмитасининг йўллар учун жавобгарлик соҳасини аниқ чегаралаш зарурлигига алоҳида тўхталиб ўтилган. Шунингдек, йўлларни мониторинг қилишнинг автоматлашган тизими йўқлиги сабабли қайси йўлдан қандай ҳажмда юк ўтаётгани ҳақида аниқ маълумот мавжуд эмаслиги қайд этилган.

Халқаро тажрибада юк транспортлари вазнини ўлчайдиган назорат тарозиларини ўрнатиш амалиётидан кенг фойдаланилиши, шундан келиб чиқиб, бундай тарозиларни Ўзбекистонда ҳам хусусий шериклик асосида ўрнатиш таклиф қилинган.

Давлат раҳбари тарозилардан фойда олиш учун эмас, аксинча, йўллар сифатини таъминлаш ҳамда йўл-транспорт ҳодисаларини олдини олиш мақсадида фойдаланиш лозимлигини таъкидлаган. Ҳисоб-китобларга кўра, йўлларни нормал ҳолда ушлаб туриш учун йилига камида 15 триллион сўм маблағ керак бўлади.

“Бир нарсани тушуниб олиш зарур. Ҳатто энг ривожланган мамлакатларда ҳам йўлларни қуриш ёки таъмирлаш тўлиқ давлат ҳисобидан амалга оширилмайди. Шунинг учун биз ҳам бу ишларга хусусий шерикларни фаол жалб қилишимиз шарт”, дейди Президент.

Мисол тариқасида Европа Иттифоқида йўл хўжалиги соҳасида хусусий шериклик асосида сўнгги 10 йилда 120 миллиард долларлик лойиҳалар амалга оширилгани Ўзбекистонда эса бу борадаги ишлар сустлиги кўрсатиб ўтилган. 

Шунингдек, йиғилишда йўл соҳасидаги хусусий шериклик лойиҳаларида инвесторларга қўйиладиган шартлар ва давлатнинг мажбуриятларини аниқ белгилаш зарурлиги қайд этилган.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев йўл қурилиши мажлис чусусий шерикчилик

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг