Ўзбекистонда ёшлар коронавирусдан вафот этаётганининг сабаби айтилди
Жамият
−
26 Май 2020
37435Ўзбекистонда ёшларнинг коронавирус инфекциясидан вафот этишининг асосий сабаби айтилди. Бу ҳақда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Санитария-эпидемиология назорати давлат инспекцияси бошлиғи, Республика бош давлат санитария инспектори Нурмат Отабеков брифинг вақтида қатор муҳим савол ва мурожаатлар юзасидан жавоб қайтараётганда айтиб ўтди.
– Нега чет давлатдан фуқароларимизни тинимсиз олиб келяпмиз? Бу аҳволда касалликни тўхтатиш мумкинми?
"Чет давлатлардан фуқаролар давлат раҳбарининг кўрсатмаларига мувофиқ чартер рейслари ташкил этилиб олиб келиняпти. Улар дарҳол карантинга олиняпти ва касаллик аниқланса даволаш чоралари кўриляпти", дейди Отабеков.
– Нега чет давлатларда асосан катта ёшдагилар вафот этган бўлса, бизнинг юртимизда ёшлар орасида ҳам ўлим қайд этилди?
"Касалликдан ўлим ҳолати асосан катта ёшдагиларда, жарроҳлик амалиётларидан кейин, сурункали соматик касалликлар билан оғриган инсонларда (юрак касалликлари, қандли диабет, буйрак касалликлари, ўпканинг сурункали касалликлари) қайд этилмоқда. Юртимизда ўлим ҳолати ёшларда ҳам қайд этилишига вафот этган ўша ёш фуқароларнинг тиббий ёрдамга кечикиб мурожаат этганликлари сабаб бўлди", дейди Отабеков.
– Қандай касалликлари мавжуд бўлганда фуқароларимизга четдан юртимизга кириб келишига рухсат берилмайди?
"Ўзбекистон фуқаролари ҳар қандай юқумли ва паразитар касалликларга чалинган бўлмасин, ўз юртига киришга ҳақли", дейди Отабеков.
– Ўзбекистонда қачон экспресс усулда коронавирусга текшириш йўлга қўйилади?
"Экспрес тестларнинг аксарияти коронавирус касаллиги билан касалланиб соғайганлар қонида мазкур вирусга қарши антителолар пайдо бўлганлигини, уларнинг титрини аниқлашга қаратилган. Республикамиздаги лаборатория ташхисоти стандартларида ҳам экспресс усулда текшириш мавжуд. Яқин кунларда антителоларни аниқлаш мақсадида экспресс тестларда ҳам текширишлар бошланиши мумкин", дейди Отабеков.
– Коронавирус касаллиги тасдиқланган одамлар ўртача неччи кун даволанади?
"Бу — касалликнинг даражасига, кечишига ва беморнинг умумий аҳволига боғлиқ. Ўзбекистонда даволаниб соғайиб шифохонадан чиқиб кетганлар ўртача 25 кунни ташкил этди", дейди Отабеков.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Презиеднтининг кўрсатмасига мувофиқ хориждаги Ўзбекистон фуқароларини Ватанга олиб келиш учун 25 майидан 7 июнь кунлари давомида 17 та чартер рейс амалга ошириш белгиланди.
LiveБарчаси