Ўзбекистонда яна бир орден таъсис этилади
Жамият
−
21 Апрель 2020
9390Ўзбекистонда “Фахрий мураббий” ордени таъсис этилади. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикасининг тегишли қонун лойиҳасида қайд этилган.
Ҳужжат билан “Фахрий мураббий” ордени билан ёшларни она Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш, ёш истеъдод эгаларини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг билим ва қобилиятларини янада ривожлантириш ишларига муносиб ҳисса қўшган, ўзининг чуқур билим ва бой тажрибаси билан ёшлар маънавиятини юксалтириш ва аҳоли ўртасида соғлом турмуш тарзини кенг тарғиб қилиш борасида шахсий намуна кўрсатиб келаётган давлат ва жамият олдидаги юксак хизматлари билан алоҳида эътибор қозонган Ўзбекистон Республикаси фуқаролари мукофотланади.
“Фахрий мураббий” ордени билан чет эл фуқаролари ҳамда фуқаролиги бўлмаган шахслар ҳам мукофотланиши мумкин.
“Фахрий мураббий” ордени билан:
• ёшларни милий қадрият ва анъаналарга, катта авлод вакилларига ҳурмат, она Ватанга муҳаббат, истиқлол ғояларига садоқат руҳида тарбиялаш ҳамда уларда илм-маърифат, маънавият ва одоб-аҳлоқ кўникмаларини шакллантириш борасидаги улкан хизматлари;
• фаолияти давомида чуқур билим, юқори малака ҳамда кенг тафаккурга эга шогирдларни тарбиялаш орқали Ўзбекистон мустақиллигини мустаҳкамлаш, унинг иқтисодий қудратини юксалтиришга бевосита ҳисса қўшганлиги;
• илм-фан соҳасида ёш олимлар ва мутахассисларни тайёрлаш, уларнинг катта муваффақиятларга эришиши учун зарур шароитларни яратиш ишларидаги алоҳида хизматлари;
• “Устоз-шогирд” анъанаси асосида ёш авлодга замонавий билим ва касб-ҳунарларни ўргатиш, тадбиркорлик ва ҳунармандчиликка кенг жалб этиш, ёшлар бандлигини таъминлаш борасидаги фидойилиги;
• ўзбек спортини дунёга танитиш, соҳада умидли ва иқтидорли ёшларни тарбиялаш, маҳаллаларда ва оилаларда соғлом турмуш тарзини қарор топтириш, оммавий спортни ривожлантириш борасида эришган юксак натижалари;
• ёшлар онгига миллий ғурур, ватанпарварлик, меҳнатсеварлик каби юксак фазилатларни сингдириш, уларни илм-маърифатга йўналтиришдаги хизматлари;
• уюшмаган ёшларни фойдали меҳнатга жалб этиш, ёт ғоялар таъсиридан асраш, улар ўртасида турли салбий иллатларнинг олдини олиш борасидаги катта хизматлари;
• ёрдамга муҳтож ва оғир ижтимоий аҳволга тушиб қолган ёшларни ўз оталиғига олиб, ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш ҳамда уларнинг қалби ва онгида она ватанга садоқат, мардлик, ҳалоллик, адолатлилик каби эзгу фазилатларни шакллантириш, комил инсон этиб тарбиялаш ишларидаги самарали хизматлари;
• ҳудудларда ижтимоий-маънавий муҳитни соғломлаштириш, оилаларни мустаҳкамлаш, миллий қадриятларимизни асраб-авайлаш, шунингдек, аҳолининг кам таъминланган қатламини ижтимоий ҳимоялаш жараёнидаги фаол иштироки;
• маҳаллаларда ва оилаларда меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик муҳитини мустаҳкамлаш, оилавий қадриятларни асраб-авайлаш ва ривожлантириш, “Соғлом оила – соғлом жамият”, “Оила – муқаддас” деган эзгу ғояларни ижтимоий ҳаётга тадбиқ этиш ишларида кўрсатган жонбозлиги ва ибратли фаолияти учун мукофотланади.
LiveБарчаси