Ўзбекистонда яна бир блогер судланди
3-саҳифа
−
07 Декабрь 2023
18182Блогер Олимжон Тўхтаназаров Ўзбекистон Республикаси Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексининг 52-моддаси (Енгил тан жароҳати етказиш) 2-қисми (Қасддан енгил тан жароҳати етказиш)да назарда тутилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли деб топилиб, унга нисбатан жарима жазоси тайинланди. Бу ҳақда Тошкент шаҳар судлари хабар берди.
Икки кун аввал YouTube платформаси блогер Олимжон Тўхтаназаровнинг Жиноят ишлари бўйича Чилонзор тумани суди биноси олдида қилган мурожаати тарқалди. Унда блогер суддан, судьялардан норозилик билдирган, суднинг холислигини шубҳа остига қўйган.
Тошкент шаҳар судлари эса блогернинг мурожаатига жавоб қилиб, блогернинг ўзини нохолисликда айблаган.
“Видеолавҳада Олимжон Тўхтаназаров бир неча шахсларни ўз тарафига оғдириб, суд қарорларидан норозилигини кўрсатишга уринган. Олимжон Тўхтаназаров суддан адолатни талаб қилишдан аввал, холис фикр юритишга одатланса, айни муддао бўларди. Унинг манфаатига зид қарор чиқарилгани бу суднинг адолатсизлигидан эмас, аксинча, қонунийликка риоя этганидан далолат беради.
Қолаверса, адолатга Олимжон Тўхтаназаров каби атрофига ишонувчан ва содда одамларни тўплаш, судларга таҳдид қилиш орқали эришиб бўлмайди”, дейилади баёнотда.
Тошкент шаҳар судларининг қайд этишича, Тўхтаназаров шундай лавҳалар тарқатиш орқали судларга босим ўтказишга уринмоқда.
“Ваҳоланки, суд қарорларининг қонунийлигига фақат юқори инстанция суди томонидан ҳуқуқий баҳо берилишини Тўхтаназаров жуда яхши билади. Қолаверса, қарордан норози тарафлар йигирма сутка ичида, ҳуқуқбузар эса қарор нусхасини олган кундан бошлаб, шу муддат ичида шу суд орқали Тошкент шаҳар судига апелляция шикояти ёки протест билдиришга ҳақли эканлиги унга аниқ ва лўнда тарзда тушунтирилган”, дейилган баёнотда.
Айтилишича, жиноят ишлари бўйича Чилонзор туман судининг жорий йилнинг 7 ноябрдаги ажримига кўра Олимжон Тўхтаназаровга нисбатан расмийлаштирилган маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш материали қўшимча суриштирув ўтказиш учун Бош прокуратурага юборилган.
Чилонзор туман прокурорининг апелляция протести асосида маъмурий иш Тошкент шаҳар судига юборилган. 2023 йил 21 ноябрдаги Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажримига кўра туман судининг мазкур маъмурий ҳуқуқбузарликка оид иш юзасидан чиқарилган ажрими бекор қилиниб, иш ҳужжатлари мазмунан кўриб чиқиш учун туман судига юборилган.
Суднинг жорий йил 4 декабрдаги қарорига кўра, Олимжон Тўхтаназаровнинг ҳаракатида Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекснинг 183-моддасида назарда тутилган ҳуқуқбузарлик аломати бўлмаганлиги сабабли ушбу Кодекс 271-моддасининг 1-банди билан ҳаракатдан тугатилган.
“Олимжон Тўхтаназаров Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги Кодекс 52-моддасининг 2-қисмида кўрсатилган ҳуқуқбузарликларни содир этганликда айбли, деб топилиб, унга шу модда билан базавий ҳисоблаш миқдорининг 2 (икки) баравари, яъни 660 000 сўм жарима жазоси тайинланганлиги маълум қилинади”, дейилган баёнотда.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь