Ўзбекистонда валюта олди-сотди операциялари тартиби ўзгаради

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Марказий банки бошқаруви томонидан ички валюта бозорида валюта олди-сотди операцияларининг амалга оширилишини янада такомиллаштириш борасида қарор қабул қилинди.

Мазкур қарор билан “Ўзбекистон Республикаси Марказий банкининг 2021-2025 йилларга мўлжалланган валюта интервенциялари стратегияси” тасдиқланди. Стратегияда Марказий банкнинг валюта интервенциялари тамойиллари, шакллари ҳамда интервенцияларни амалга оширишнинг мақсад ва вазифалари қайд этилди.

Қарорга мувофиқ, 2021 йилнинг 15 февралидан бошлаб, ички валюта бозорида амалга ошириладиган валюта олди-сотди савдолари бўйича қуйидагилар жорий этилади:

•    Ўзбекистон республика валюта биржасида савдо сессиялари амалдаги “фиксинг” усулидан “колл аукцион” ва икки томонлама узлуксиз аукцион “мэтчинг” савдо усулларига ўтказилиши;

•    валюта биржасида валюта олди-сотдиси бўйича савдо сессияларининг соат 10:00 дан 15:00 гача “Онлайн платформа” орқали амалга оширилиши;

•    валюта биржасида валюта олди-сотдиси бўйича ҳисоб-китобларнинг ҳозирда мавжуд Т+0 (бугунги иш куни) шаклидан Т+1 (кейинги иш куни) шаклига ўтказилиши;

•    тижорат банкларининг валюта биржаси савдоларида мижозлар номидан иштирок этиш амалиётидан воз кечган ҳолда хўжалик юритувчи субъектлар билан валюта операцияларини тўғридан-тўғри валюта позицияси орқали амалга оширилиши белгиланган.

Бундан ташқари, қарорга мувофиқ, Марказий банкнинг валюта операциялари бўйича бухгалтерия ҳисоби, статистик ва бошқа ҳисоботларни юритиш, шунингдек, Ўзбекистон ҳудудида божхона ва бошқа мажбурий тўловларни ҳисоблаш учун чет эл валюталарининг сўмга нисбатан расмий курслари кунлик белгиланади ва ҳар банк иш куни соат 16:00 да Марказий банкнинг расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида эълон қилиб борилади.

Шу билан бирга, қарорда валюта бозорини ривожлантиришнинг кейинги босқичларида валюта операциялари бўйича савдо иштирокчиларининг умумэътироф этилган энг намунали амалиётларни ўз ичига олган “Этика кодекси”нинг қабул қилиниши ҳамда тижорат банкларининг “маркет-мейкерлар” сифатида иштирокини йўлга қўйиш мақсадида уларга бериладиган имтиёз ва мажбуриятларни ўзида акс эттирувчи “Маркет-мейкерлик фаолияти тўғрисида”ги меъёрий ҳужжат ишлаб чиқилиши кўзда тутилган.

“Амалга оширилаётган ўзгаришлар ички валюта бозорининг инфратузилмасини такомиллаштириш, валюта курсининг шаклланишида тижорат банкларининг ролини янада ошириш ҳамда тадбиркорларнинг маблағларини зарур бўлган валюталарга тезкор равишда алмаштириш имкониятларини яратади”, дейилади Марказий банк Матбуот котиби хабарида.


Мақола муаллифи

Теглар

Марказий банк валюта

Баҳолаганлар

573

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг