Ўзбекистонда ўтган йили қанча инсон ёнғин қурбони бўлгани очиқланди
Жамият
−
01 Февраль
3270Ўзбекистонда 2023 йилда 10 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган. Бу ҳақда 31 январь куни бўлиб ўтган Олий Мажлис Сенатининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси мажлисида маълум қилинди.
Қайд этилишича, ушбу мажлисда аҳоли ўртасида ис газидан заҳарланиш ҳолатларининг олдини олишга оид қонунчиликка риоя қилиниши ҳолатини ўрганиш натижалари, “Ўзбекистон Республикасининг Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ёнғинлар профилактикаси самарадорлигини оширишга қаратилган қўшимча ва ўзгартиришлар киритиш ҳақида”ги қонун муҳокама қилинган.
Шу билан бирга, ёнғинларнинг олдини олиш соҳасида тизимли чора-тадбирлар амалга оширилаётганига қарамасдан, аҳолининг маиший ҳаётида ва хўжалик юритувчи субъектлар фаолиятида ёнғинлар билан боғлиқ оғир оқибатли нохуш ҳодисалар рўй бераётгани таъкидланган.
Жумладан, 2023 йилда 10 204 та ёнғин ҳодисаси юз бериб, унда 251 нафар фуқаро жабрланган, шундан 79 нафари вафот этган, шунингдек, жисмоний ва юридик шахсларга 270,4 млрд сўмлик зарар етказилган.
Шундан фақатгина 2023 йилнинг ўзида тадбиркорлик субъектларига тегишли объектларда 797 та ёнғин содир бўлган.
Ҳудудларда рўй берган йирик ёнғинлар сабабларини ўрганиш бўйича тузилган Ҳукумат комиссияси қайд этишича, давлат ёнғин назорати органларининг ваколатлари етарли эмаслиги сабабли улар томонидан ёнғиннинг олдини олиш бўйича таъсирчан чоралар кўрилмасдан қолаётганлиги қайд этилган. Шу боис Фавқулодда вазиятлар вазирлиги томонидан муҳокама қилинаётган қонун ишлаб чиқилди ва парламентга киритилди.
Қонун билан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўрмонларда ёнғин хавфсизлиги талабларини бузиш ёнғин чиқишига олиб келгани учун маъмурий жавобгарлик белгилашни, шахсларнинг эҳтиётсизлиги ёки ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузгани туфайли уй-жой фондида одамларнинг соғлиғига зарар етиши ёхуд ўзганинг мол-мулки шикастланиши ёки унинг йўқ қилиниши билан боғлиқ бўлмаган тарзда ёнғин содир бўлганда бундай шахсларни жавобгарликдан озод қилишни назарда тутувчи ўзгартиришлар киритилмоқда.
Қонун юзасидан жамоатчилик вакиллари, мутахассислар, экспертлар, прокуратура органлари ходимлари муҳокамада фаол иштирок этиб, ўз таклиф ва мулоҳазаларини билдирган. Мажлис сўнггида қўмитанинг тегишли қарори қабул қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь