Ўзбекистонда ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн сўмдан ошди
Жамият
−
25 июл 2653 3 дақиқа
Ўзбекистонда жорий йилнинг 6 ойида ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн сўмдан ошди. Бу ҳақда Миллий статистика қўмитаси хабар берди.
Қайд этилишича, Ўзбекистонда 2026 йил январь-июнь ойларида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи 7 млн 091,1 минг сўмни ташкил этиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,4 фоизга ўсган.

Ҳудудлар кесимида ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Тошкент шаҳрида 12 млн 013,9 минг сўмга тенг бўлиб, ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 18,2 фоизга ўсганлиги кузатилган.

Шунингдек, бу кўрсаткич Жиззах вилоятида 5 млн 399,4 минг сўмни (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 120,4 фоиз), Наманган вилоятида 5 млн 190,7 минг сўмни (119,4 фоиз), Тошкент вилоятида 6 млн 675,7 минг сўмни (117,8 фоиз), Қашқадарё вилоятида 4 млн 864,7 минг сўмни (117,2 фоиз), Самарқанд вилоятида 5 млн 192,7 минг сўмни (117 фоиз) ва Бухоро вилоятида 5 млн 618,2 минг сўмни (116,9 фоиз) ташкил этган.
Шу билан бирга, ўртача ойлик номинал ҳисобланган иш ҳақи Сирдарё вилоятида 5 млн 604,9 минг сўм (116,8 фоиз Навоий вилоятида 8 млн 722,7 минг сўм (116,4 фоиз), Хоразм вилоятида 5 млн 499,8 минг сўм (116,3 фоиз), Қорақалпоғистон Республикасида 5 млн 556,6 минг сўм (116,2 фоиз), Фарғона вилоятида 5 млн 163,5 минг сўм (116,0 фоиз), Сурхондарё вилоятида 4 млн 937,3 минг сўм (115,8 фоиз) ҳамда Андижон вилоятида 5 млн 683,6 минг сўм (115,1 фоиз) миқдорида қайд этилиб, бошқа ҳудудларга нисбатан ўсиш суръати пастроқ эканлиги кузатилган.
Ўртача ойлик номинал иш ҳақи иқтисодий фаолият турлари бўйича таҳлил қилинганда, энг юқори ўсиш суръатлари ташиш ва сақлаш соҳасида қайд этилган. Хусусан, мазкур соҳада 2025 йилнинг мос даврига нисбатан ўсиш суръати 122,8 фоизни ташкил этиб, иш ҳақи миқдори 11 млн 070,0 минг сўмга етган.

Шунингдек, таълим соҳасида ҳам сезиларли ўсиш қайд этилиб, иш ҳақи миқдори 4 млн 977,1 минг сўмни ташкил этган (ўсиш – 20,3 фоиз). Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий хизматлар кўрсатиш йўналишида ўртача иш ҳақи 4 млн 440,3 минг сўмни ташкил этиб, 20,1 фоизга ўсган. Қурилиш соҳасида эса ўртача ойлик иш ҳақи 7 млн 027,9 минг сўмни ташкил этиб, 2025 йилнинг январь-июнига нисбатан 19,9 фоизга ошгани қайд этилган.
Шу билан бирга, банк, суғурта, лизинг, кредит ва воситачилик фаолияти йўналишида ўртача ойлик иш ҳақи 19 млн 100,2 минг сўм (ўтган йилнинг мос даврига нисбатан 17,5 фоизга ошган), санъат, кўнгил очиш ва дам олиш йўналишида 5 млн 858,1 минг сўм (16,2 фоизга), саноат соҳасида ўртача иш ҳақи 8 млн 267,0 минг сўм (15,4 фоизга), ахборот ва алоқа соҳасида 17 млн 417,4 минг сўм (15,3 фоизга), савдо соҳасида 7 млн 650,5 минг сўм (13,1 фоизга), яшаш ва овқатланиш бўйича хизматлар соҳасида эса ўртача ойлик иш ҳақи 5 млн 189,6 минг сўмни ташкил этиб, 11,2 фоизга ўсган.
Эслатиб ўтамиз, 2026 йил I чорагида Ўзбекистон ҳудудида ўртача ойлик иш ҳақи 6,82 миллион сўмни ташкил этгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси