Ўзбекистонда тўйлар тартибга солинади

Жамият

image

Ўзбекистонда тўйларни тартибга солишни назарда тутувчи лойиҳа ишлаб чиқилади. Бу кеча, 21 апрель куни қабул қилинган  “Коррупцияга қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш бўйича белгиланган устувор вазифалар ижросини самарали ташкил этишга доир чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланган.

Фармонда қайд этилишича, жорий йилнинг август ойигача тўйлар, оилавий тантаналар, маъракалар ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш бўйича парламент палаталари кенгашларининг қўшма қарори қабул қилинади.

Шунингдек, ёшларда тежамкорлик маданиятини шакллантириш бўйича янги механизмлар назарда тутилган. 

Лойиҳага масъуллар этиб Олий Мажлис палаталари, Маданият вазирлиги, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси, Дин ишлари бўйича қўмита белгиланган.

Маълумот учун, 2019 йилнинг 14 сентябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлис Қонунчилик палатаси Кенгаши ва Сенат Кенгашининг “Тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тизимини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги қўшма қарори қабул қилинган. Қарор билан тўйлар, оилавий тантаналар, маърака ва маросимлар ўтказилишини тартибга солиш тўғрисидаги Низом тасдиқланган. Унда шуҳратпарастлик, дабдабабозлик ва исрофгарчиликка йўл қўймаслик ҳақида алоҳида банд бор. Шунга қарамасдан, дабдабали тўй қилиш ҳалигача урфдан қолгани йўқ ва айрим амалдорларнинг ўзи ҳам бунда “намуна” бўлиб келмоқда.

Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексга 2020 йил 17 мартдаги Ўзбекистон Республикасининг Қонунига асосан киритилган 1921-моддасига кўра, тўйлар, оилавий тантаналар, маросим ва урф-одатларни ўтказувчи шахс томонидан ушбу тадбирларни ўтказиш тартибига доир талабларга риоя қилмаслик фуқароларга базавий ҳисоблаш миқдорининг 10 баравари (3,75 миллион сўм), мансабдор шахслар ва муассасалар эгаларига эса 30 баравари (11,25 миллион сўм), такроран бузилганда эса 50 баравари (18,75 миллион сўм) миқдорида жарима солишга олиб келади.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон тўй

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг