Ўзбекистонда цемент заводларини қуриш тўхтатиб қўйилади – Экология вазири
Жамият
−
31 Январь
6211Ўзбекистонда янги цемент заводлари қуришга мораторий эълон қилиниши мумкин. Бу ҳақда кеча, 30 январь куни Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Олий Мажлис Қонунчилик палатаси мажлисида маълум қилди.
“Ҳозир мана қарор қабул қилиндики, Ўзбекистонда янги цемент заводларини қуришга мораторий эълон қиламиз, яъни тўхтатиб қўямиз”, дейди Абдуҳакимов.
Вазирнинг айтишича, бугунги кунда Ўзбекистонда 47 та цемент заводи мавжуд бўлиб, шундан 23 таси вақтинча тўхтатилган. Қолганларидан 90 фоизининг фаолияти экологик талабларга жавоб бермайди. Уларга огоҳлантириш берилган.
“Цемент заводлари ҳавога жуда катта миқдорда зарарли моддалар чиқаради. Асосий хомашёси тош бўлгани боис тоғли ҳудудларда жойлашган. Бу эса ҳам табиатга, ҳам туристик зоналарга, ҳам аҳолига қийинчилик туғдиряпти. 1 та цемент заводининг таъсирида ўша атрофдаги барча ўсимлик ва дарахтлар усти қалин плёнкасифат чанг билан қопланган. Ўрганганимизда, бу каби ҳолатларга қонунчилигимизда бор-йўғи 100-200 миллион сўм жарима қўлланилар экан. Эндиликда бу каби ҳолатларда камида 10 миллиард сўм жаримани йўлга қўямиз. Бунинг натижасида ана шундай заводлар замонавий, газ, чанг зарраларини ушлаб қоладиган ускуналарни ўрнатишга мажбур бўлади”, дейди вазир.
У олдин бекор қилинган экологик экспертиза яна жорий этилганини эслатди. Унинг айтишича, ҳудуд танлашда, қурилишда лойиҳа-смета ҳужжатларини тасдиқлашда экологик экспертиза масалалари бекор қилинган эди. Тегишли қарор билан 2023 йил 1 ноябрдан бошлаб яна экологик экспертиза қайта тикланди.
“Бу экспертизасиз янги заводлар қурилмайди, дегани. Ҳозирда цемент заводларининг қуввати Ўзбекистон эҳтиёжидан каррасига кўп. Бу масала ҳукуматда ҳам кўриб чиқилиб, қарор қабул қилинди”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, шу мажлисда Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM 2,5 зарраларининг 60-65 фоизи AI-80 бензинида юрадиган машиналардан чиқадиган заррачалар ҳисобига кўпайганини айтганди.
LiveБарчаси