АИ-80 да юрадиган машиналар ҳавони энг кўп ифлослантиряпти – Экология вазири
Жамият
−
30 Январь
7020Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазири Азиз Абдуҳакимов Тошкент шаҳри ҳавосидаги PM 2,5 зарраларининг 60-65 фоизи АИ-80 бензинида юрадиган машиналардан чиқадиган заррачалар ҳисобига кўпайганини айтди. Бу ҳақда у бугун, 30 январь куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасидаги чиқишида маълум қилди.
“Бундан ташқари, охирги йилларда ерлар деградация бўлиши оқибатида Қозоғистон ва ўзимизнинг чўлланган ҳудудлардан майда заррачалар кўтарилиб, Тошкент шаҳрида PM2,5 заррачаларининг кўпайишига олиб келади. Бу тахминан 15-20 фоизига тўғри келади”, дейди Абдуҳакимов.
Вазирнинг айтишича, PM2,5нинг қолган 20 фоизи кўмир ва мазут ёқиш кўпайгани ва саноат корхоналари ҳисобига тўғри келади.
Шунингдек, у юқорида саналган рақамлар биргина Ўзгидромет хизмати агентлигида эмас, балки халқаро ташкилотларнинг ҳисоботларида ҳам кўрсатилганини қўшимча қилди.
Бундан ташқари, вазир атмосфера ҳавосига ташламалар бўйича энг юқори кўрсаткич Тошкент вилояти (679,7 минг тоннани ташкил этган) ҳиссасига тўғри келишини маълум қилди. Унинг айтишича, бунда автотранспорт воситаларининг улуши 252,1 минг тонна, саноат корхоналарининг улуши 427,6 минг тоннани ташкил этган.
Шу билан бирга, Тошкент шаҳрида атмосфера ҳавосига 417,6 минг тонна, хусусан, автотранспорт воситаларидан 396,6 минг тонна ёки 95 фоиз, саноат корхоналаридан 21 минг тонна ёки 5 фоиз ташламалар чиқарилган.
Шунингдек, вазир Тошкент атмосфера бўйича қизил тоифадаги шаҳарлар сирасига кираётганининг омилларидан бири шаҳарнинг бош режаси тасдиқланмагани эканини айтди.
“Шаҳарсозлик бош режаси тасдиқланмасдан қурилиш бўляпти. Яшил зона қаерда бўлса, ўша ерда қурилиш амалга оширилмаслиги керак, лекин бош режа бўлмагани боис биз билолмаяпмиз. Масалан, сўнги 5 йилда Тошкентда 5400 та объект барпо этилган”, дейди Абдуҳакимов.