Ўзбекистонда Тадбиркорлик кодекси ишлаб чиқилмоқда

Жамият 1762
image

Ўзбекистон Республикасининг Тадбиркорлик кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилди. Бу ҳақда Адлия вазирлиги маълум қилди.

Лойиҳа ақилли тартибга солиш (smart regulation) концепциясига мувофиқ қонун ижодкорлигининг замонавий услубларидан ҳисобланган “One in two out”, BPR тамойиллари асосида ишлаб чиқилмоқда.

Кодекс нима учун керак?

Биринчидан, ҳозирда тадбиркорлик фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари тарқоқ ҳолда ва ниҳоятда кўп миқдорда қабул қилинган. Хусусан, тадбиркорлик фаолияти билан боғлиқ 5000 га яқин норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мавжуд.

Ҳужжатларнинг ниҳоятда кўплиги улар ўртасида коллизияларни келтириб чиқариши мумкин, зарур бўлган қонунчилик ҳужжатини топиш ҳамда амалда қўллашда қийинчиликларни келтириб чиқариши табиий бу эса тадбиркорлик субъектларининг асосли эътирозларига сабаб бўлади.

“Тадбиркор ишлаши, ғояларини рўёбга чиқариши керак, у фақат ҳужжат, катта бюрократияни ичида кўмилиб кетса, ишини ким қилади? Шунинг учун унга қўлида битта компакт, тушунарли ҳуқуқий меъёрлар тўплами зарур. Масалан, Японияда тадбиркорнинг қўлида биттагина Савдо кодекси бўлади, у фақат шунга кўра ўз ишини олиб боради”, дейди Адлия вазири Русланбек Давлетов.

Иккинчидан, соҳани ҳуқуқий тартибга солишда замонавий тенденциялардан келиб чиқиб бўшлиқларни бартараф этиш зарурияти мавжуд, янги ижтимоий муносабатларни ҳуқуқий жиҳатдан тўлиқ тартибга солиш масаласи турибди. Масалан, “ўрта бизнес” мезонлари, инновацион тадбиркорлик ва электрон тижоратнинг кириб келиши (стартап-корхоналар, инновацион кластерлар, технологик парклар ва б.).

Тадбиркорлик кодексининг қабул қилиниши тарқоқ ҳолда ҳамда турли коллизиялар мавжуд бўлган қонунчилик ҳужжатларини ягона ҳужжатга бирлаштириш, тадбиркорлик соҳасидаги қонунчилик ҳужжатларини барқарорлаштириш, давлатнинг тадбиркорлик соҳасига аралашувини камайтириш, шунингдек, тадбиркорлик ҳуқуқи соҳасида ягона ёндашувни белгилашга хизмат қилиши таъкидланмоқда.

Кодекс лойиҳаси сентябрь—октябрь ойларида жамоатчилик муҳокамасига тақдим этилади.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 35
Рейтинг: 3
Теглар
t
×