Фуқаролик кодексига мулк ҳуқуқига оид ўзгартириш киритилмоқда
Жамият
−
02 Август 2022
5337Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексига мулк ҳуқуқига оид ўзгартириш киритилмоқда. Бу ҳақда бугун, 2 август куни Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг ялпи мажлисида кўриб чиқилган “Ўзбекистон Республикасининг Фуқаролик кодексига ўзгартишлар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида назарда тутилган.
Лойиҳа депутатлар томонидан иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилган. Таклиф этилаётган қонун лойиҳаси Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бир гуруҳ депутатлари томонидан қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи асосида ишлаб чиқилган.
Ушбу ҳужжатга асосан киритилаётган ўзгартишда мулк ҳуқуқи билан боғлиқ муносабатлар махсус қонун билан тартибга солинаётганини инобатга олиб Фуқаролик кодексининг тегишли моддаларидаги “қонун ҳужжатлари” деган сўзлар “қонун” деган сўз билан алмаштирилмоқда.
Депутатларнинг айтишича, қонун лойиҳасининг қабул қилиниши орқали Фуқаролик кодексида назарда тутилган қоидаларнинг турлича талқин қилинишининг олди олинади. Энг муҳими, мулкка бўлган ҳуқуқларни бекор қилиш ва мулкка доир муносабатлар тартибга солинишига эришилади.
Мажлисда қонун лойиҳаси депутатлар томонидан қабул қилинди.
LiveБарчаси