Ўзбекистонда Сув академияси ташкил этилади

Жамият

image

Ўзбекистонда ичимлик ва оқова сув хизматлари соҳасига инновацион технологик ечимлар, илмий асосланган замонавий ёндошувларни жорий этиш ва бу борада малакали кадрлар салоҳиятини оширишга қаратилган ягона илмлар маркази – Сув таъминоти соҳасида мутахассисларни тайёрлаш ва малакасини ошириш Академиясини ташкил этиш таклиф режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси порталида жойлаштирилган “Сув таъминоти соҳасида малакали ходимларни тайёрлаш тизимини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори лойиҳасида назарда тутилган.

Қуйидагилар Сув академиясининг асосий вазифалари ва фаолият йўналишлари этиб белгиланади:

•    сув таъминоти соҳасини ривожлантиришга зарур бўлган бошқарув, ишлаб чиқариш ва эксплуатация қилиш бўйича кадрлар, шу жумладан, ўрта ва ўрта-махсус профессионал таълим, олий таълим ҳамда олий таълимдан кейинги таълимда кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш;

•    халқаро эътироф этилган хорижий олий ўқув юртларининг етакчи профессор-ўқитувчиларини жалб қилган ҳолда, ичимлик ва оқова сув соҳасида амалиёт билан узвий боғлиқликда изланишлар олиб бориш, илмий, илмий-педагогик ва илмий-техник кадрларни тайёрлаш бўйича ҳамкорликда дастурларни (joint programs) амалга ошириш, хорижий стажировка ва малака ошириш курсларини ташкил этиш;

•    ичимлик ва оқова сув соҳасида олиб борилаётган янги қурилиш, модернизация ва реконструкция қилиш тадбирларида рақамлаштириш бўйича илғор техник ва технологик ечимлар, жумладан SCADA ва геоахборот тизимларидан кенг фойдаланиш, ҳисоб-китоблар ва биллинг тизимида “сунъий интеллект” ва “буюмлар интернети” (internet of things (IoT)) жорий қилиш, оқова сув тизимларига илғор технологияларни тадбиқ қилиш (мембрана ёрдамида тозалаш, сувни ионизация қилиш каби технологиялар, тозаланган сувни қайта ишлатиш), ичимлик сувни сифатини назорат қилиш бўйича илғор технологиялар ва лаборатор изланишларни олиб бориш ва ўқитиш;

•    иншоот ва тармоқлар эксплуатацияси, сув ресурсларини интеграцион тарзда (integrated water resources management), “ақлли” бошқариш ва ҳисобини юритиш (smart water management), истеъмолчиларни ичимлик сув билан таъминлаш, ичимлик сувнинг технологик ва тижорат йўқотишларини олдини олиш, ичимлик сув сифати ва хавфсизлиги таҳлили ва мониторинги, атроф-муҳитга зарарни камайтириш, муқобил сув манбааларини аниқлаш, маиший ва саноат оқава ҳамда ёмғир сувларни тозалаш ва қайта ишлаш, носозликларни бартараф этиш, меҳнат ва техника хавфсизлиги, насос ускуналарни таъмирлаш, метрология ва гидравлика, қайта тикланувчи ва энергосамарадор манбаларни жорий этиш, соҳани молиявий бошқариш, тарифларни шакллантириш, абонентлар ва жамоатчилик билан ишлаш бўйича доимий равишда қисқа ва ўрта муддатли ўқув курслари ва амалий ўқишларни, шу жумладан, тўлов-контракт асосида ташкил этиш;

•    соҳа ходимларининг илғор инновацион технологияларни яратиш бўйича ташаббускорлигини қўллаб-қувватлаш, уларнинг новаторлик ғояларини ишлаб чиқаришга жорий этишга кўмаклашиш учун Сув академияси ичида “Стартап-акселератор” ташкил этиш ҳамда ушбу акселераторни Марказий Осиё миқёсида кенг тарғиб қилиш;

•    соҳада қўлланиладиган техник талаблар, шартлар, стандартлар ва фаолият натижалари кўрсаткичларини соҳани ривожлантириш мақсадларидан келиб чиққан ҳолда янгилаб бориш бўйича асосланган тавсиялар тайёрлаш, бу борада норматив-ҳуқуқий базани такомиллаштиришда бевосита иштирок этиш;

•    соҳада амалга оширилаётган инвестицион сиёсатга янги бошқариш ва молиялаштириш механизмларини жорий этиш юзасидан халқаро ҳамкорликни амалга ошириш.

Қарор лойиҳасининг муҳокамаси жорий йилнинг 23 апрелига қадар давом этади.


Мақола муаллифи

Теглар

сув

Баҳолаганлар

45

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг