Ўзбекистонда саккиз ойда заҳарланишдан нечa киши вафот этгани очиқланди

Жамият

image

2023 йилнинг саккиз ойи давомида Ўзбекистонда 39 та  гуруҳли заҳарланиш ҳолати қайд этилган. Бу даврда 414 нафар фуқарода умумий заҳарланиш ҳолатлари кузатилган. Бу ҳақда Санитария-гигиена бошқармаси овқатланиш гигиенаси бош мутахассиси Абдураҳмон Исмаилов маълум қилди.

Унинг аниқлик киритишича, уч нафар фуқаро заҳарланишдан  вафот этган.  86 нафар бола жабрланган. Заҳарланиш ҳолатларининг 21 таси (53,8 фоиз) ботулизм, 1 таси МТТ (2,5  фоиз), 13 таси (23 фоиз) овқаттоксикинфекцияси ва 1 таси (2,5 фоиз) кимёвий заҳарланишларга тўғри келади.

21 та ҳолатда уй шароитида тайёрланган консерва маҳсулотларини истеъмол қилиш оқибатида юзага келган ботулизм касаллигининг 3 таси — Жиззах, 6 таси — Самарқанд ва яна 6 таси — Фарғона вилоятларига тўғри келади.

Абдураҳмон Исмаилов овқатдан заҳарланиш ҳолатларининг келиб чиқиши сабабларига тўхталар экан, умумий овқатланиш объектлари, нодавлат таълим муассасалари ошхоналари санитария қоида ва меъёрлари талабларига мос келмаган ҳолда фаолият юритаётганини қайд этди.

“Ошхоналар жиҳозлар билан тўлиқ таъминланмаган ва мавжудлари эса маънан эскирган ёки носоз ҳолатда”, дейди Абдураҳмон Исмаилов. 

Унинг маълум қилишича, таом тайёрлаш учун сифати ва хавфсизлиги кафолатланмаган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлатилиши ҳамда умумий овқатланиш объектлари ошпазларининг кўпчилиги соҳа бўйича ўқимаганлиги, уларнинг таом тайёрлаш технологияларини, озиқ-овқат маҳсулотларини сақлаш, ташиш ва реализация қилиш қоидаларини билмаслиги аниқланган.

Эслатиб ўтамиз, жорий йилнинг 21 сентябрь куни Наманган вилоятида 71 нафар болада заҳарланиш аломатлари кузатилиб, шифохонага олиб борилганди. 22 сентябрда эса Андижон вилоятида ҳам 12 нафар болада заҳарланиш аниқланганди. 23 сентябрь куни Тошкент шаҳрида ҳам кўплаб болалар заҳарланиб, шифохонага олиб борилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

заҳарланиш консерва маҳсулотлари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг