Ўзбекистонда пиёз нархи кескин пасайди

Жамият

image

Ўзбекистонда пиёз нархи кескин тушиб кетди. Иқтисодиёт ва молия вазирлигининг хабар беришича, Янги Қўйлиқ – Food City бозорида 1 кг пиёз 900 сўмдан энг қиммати - 2800 сўмгача сотилмоқда.

Пиёз нархининг арзонлашиши сабабларини сотувчилар аниқ тушунтириб бера олмаяпти. Баъзи тахминларга кўра, ўтган ҳафта мобайнида сақланиб турган илиқ об-ҳаво пиёзнинг нишлашига сабаб бўлган. Савдогарлар эса бундай маҳсулотни келаси ҳафтада кутилаётган совуқ уриши мумкинлигидан хавотирланиб, тезроқ маҳсулотидан қутулишга ҳаракат қилаётган бўлиши мумкин.

Ўтган ҳафта ўрталарида Ўзбекистон бозорига деҳқонлар кўп миқдорда пиёз етказиб бера бошлаган, бу эса нархларнинг аввалги ҳафтага нисбатан бир ярим, ҳатто икки баравар арзонлашишига олиб келди. Қолаверса, ёмон об-ҳаво шароити туфайли Ўзбекистон ва Қозоғистон чегарасида юк машиналарининг катта тирбандлиги юзага келган. Шу боис, Ўзбекистондан пиёз солинган машиналар чегарадан ўтиш учун бир неча кун навбат кутишга мажбур бўлмоқда, бу ҳам маҳсулот экспортига салбий таъсир кўрсатмоқда.

Аввалроқ, EastFruit нашри таҳлилчилари томонидан Ўзбекистон 2024 йилда четга рекорд даражада кўп пиёз экспорт қилиши мумкинлиги айтилган эди. Маълумотларга кўра, январь ойининг ўзидаёқ Польша улгуржи бозорлари том маънода Ўзбекистон пиёзи билан тўлиб кетган. Жорий мавсумда Ўзбекистон пиёз экспортини 300 минг тоннадан зиёдроққа ошириши ва бу билан пиёз экспорт қилувчи энг йирик беш давлат қаторидан ўрин олиши мумкин. 

Эслатиб ўтамиз, ўтган йилнинг январь ойида Ўзбекистонда пиёз нархи 4 баробарга қимматлашиб, рекорд даражани қайд этганди. Ўшанда 1 кг пиёз нархи 8000 сўмгача етган эди.

Моҳинур Маматова
 


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

Ўзбекистон пиёз

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг