Ўзбекистонда она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланмоқда
Жамият
−
08 Март 2022
6533Ўзбекистонда она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланмоқда. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг Ахборот сиёсати ва давлат органларида очиқликни таъминлаш масалалари қўмитасида муҳокама қилинган “Реклама тўғрисида”ги Қонунда белгиланмоқда.
Сенатнинг навбатдаги ялпи мажлисида кўриладиган қонунларни муҳокама қилган сенаторлар янги таҳрирдаги “Реклама тўғрисида”ги Қонунга эътибор қаратган. Таъкидланишича, нормалар мавжудлиги, улар реклама фаолияти билан боғлиқ муносабатларни тўлиқ қамраб олмагани ҳуқуқни қўллаш амалиётида кўплаб ҳуқуқбузарликлар содир этилишига сабаб бўлмоқда.
Биргина 2021 йилда реклама соҳасида 15486 та қонун бузарлик ҳолати аниқланган. Жумладан, ташқи реклама ва бошқа рекламаларда 10249 та, дарахтлардаги реклама ва эълонларда 3416 та, дори-дармон ва биологик фаол қўшимчалар рекламасида 658 та, таъмаки ва алкагол маҳсулоти рекламаси 499 та, букмекерлик ва татализаторлар хизматлари рекламаси 260 та, маданий мерос объектлари бўйича 150 та, хусусий таълим ва тиббиёт муассасалари 110 та, рағбатлантирувчи конкурс ва акциялар 103 та ҳолат қайд этилган.
Янги таҳрирдаги Қонунга қонуности ҳужжатлар нормалари ҳам киритилган. Қонун билан она сутининг ўрнини босувчи маҳсулотларни реклама қилиш тақиқланмоқда.
Шу билан бирга тегишли мукофот фондисиз рағбатлантирувчи реклама акцияларини ўтказиш тақиқланмоқда.
Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама давлат тилида тарқатилиши, қўшимча равишда унинг таржимаси бошқа тилларда такрорланиши мумкинлиги белгиланмоқда.
Қонунчилик ва ҳуқуқни қўллаш амалиёти ҳамда хорижий тажрибадан келиб чиққан ҳолда рекламага қўйиладиган талаблар кучайтирилиб, янги нормалар киритилмоқда.
Хусусан, дарсликлар ва дафтарларда реклама жойлаштириш, реклама нархларини хорижий валютада кўрсатиш, ахлоқ ва маънавиятнинг умумқабул қилинган нормаларига зид келувчи шакл, ибора, ва образлардан фойдаланиш, товарнинг асосий хусусиятлари тўғрисидаги маълумотларни истеъмолчидан яшириш тақиқланмоқда.
Шунингдек, айрим турдаги реклама воситалари орқали реклама тарқатишнинг ўзига хос хусусиятлари белгиланмоқда. Жумладан, телеканаллар эфирида тарқатилаётган рекламанинг умумий давомийлиги кўрсатув вақтининг бир соати учун йигирма фоиздан, бироқ бир суткада кўрсатув вақтининг ўн беш фоизидан ошиши мумкин эмас. Давомийлиги ўн дақиқадан кам бўлган телекўрсатувларни реклама билан узиб қўйишга ва реклама билан бирга намойиш этишга йўл қўйилмайди.
Сенаторлар муҳокама жараёнида Қонунда баён этилган айрим моддаларнинг амалиётга татбиқ этилиши билан боғлиқ ҳолатларга ҳам эътибор қаратди.
LiveБарчаси