Ўзбекистонда олигархларнинг пайдо бўлиш хавфи юқори – Жаҳон банки
Жамият
−
26 Май 2022
31691Ўзбекистонда манфаатдор доираларнинг ҳокимиятни эгаллаб олиш хавфи 2025 йилга бориб ўз чўққисига чиқади. Бу ҳақда Жаҳон банки ҳисоботида сўз боради.
Ҳисоботда қайд этилишича, постсовет ҳудудидаги бошқа мамлакатлардаги, шу жумладан Россия ва Украинадаги ўзгаришлар тажрибаси шуни кўрсатадики, давлатнинг қўлга олиниши ва олигархларнинг шаклланиши кўпинча ислоҳотлар жараёнининг иккита муҳим босқичида содир бўлади. Булар:
• давлат назоратини қисқартириш ва ерларни давлат тасарруфидан чиқариш;
• давлат корхоналарини хусусийлаштириш жараёнида.
Ушбу иккала босқич ҳам ҳукумат томонидан белгилаб берилган ва мамлакатнинг тизимли диагностикаси натижасига кўра, келгуси беш йил учун ҳам энг муҳим устувор вазифалар ҳисобланади.
Собиқ совет ҳудудидаги ўтиш давридаги иқтисодиётда олинган сабоқлар, одатда, икки турдаги манфаатлар мавжудлигини кўрсатади:
• хусусийлаштириш натижасида пайдо бўлган янги ресурслар устидан назоратни қўлга киритиш истаги;
• бугунги кунда ислоҳотлар жараёнига тўсқинлик қилишдан манфаатдор бўлган ҳокимият позициясига эга бўлганлар.
“Маслаҳатлашувлар давомида барча манфаатдор томонлардан олинган маълумотлар Ўзбекистонда ҳар икки хавф даражаси юқори эканлигини, ер участкалари ва давлат корхоналарини хусусийлаштириш билан боғлиқ хавотирлар юқори эканлигини тасдиқлайди”, дейилади ҳисоботда.
Жаҳон банкига кўра, Ўзбекистонда бозор иқтисодиётига ўтиш энди бошланяпти. Ўзбекистонда сўнгги 30 йил ичида иқтисодий ўзгаришлар секин кечган. Режали иқтисодиёт даврида фаолият кўрсатган айрим муассасаларгина сезиларли ўзгаришларга дуч келди. Кўпгина иқтисодий фаолият ҳамон марказлаштирилган давлат муассасалари томонидан назорат қилинади. Иқтисодиётнинг таркибий ўзгаришлари ҳам дастлабки босқичда.
“2020 йилда ялпи ички маҳсулотнинг (ЯИМ) 26 фоизи қишлоқ хўжалиги ҳиссасига тўғри келган ва бу Европа ва Марказий Осиё минтақасида энг юқори кўрсаткичлардан биридир. Иқтисодиётлари энг ривожланган мамлакатларда фаровонлик жараёнларининг двигатели бўлган хизмат кўрсатиш соҳасининг улуши дунёдаги энг паст кўрсаткичлардан бири бўлиб, минтақадаги бошқа мамлакатлар даражасига етмайди”, дейилади молиявий ташкилот ҳисоботида.