Ўзбекистонда ОИТСга оид янги қарор қабул қилинади

Жамият

image

Норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар муҳокамаси порталида Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш самарадорлигини ошириш бўйича кечиктириб бўлмайдиган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори лойиҳаси эълон қилинди.

Белгиланишича, республикада ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш борасида ўтган йиллар давомида қатор ишлар амалга оширилди. 2018 йил 25 январдаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Ўзбекистон Республикасида одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори, 2018 йил  22 июнда “Одамнинг иммунитет танқислиги вируси келтириб чиқарадиган касаллик тарқалишига қарши курашиш ва шифохона ички инфекцияларини профилактика қилиш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори тасдиқланди. 

ОИВ инфекцияси бўйича эпидемик вазиятнинг барқарорлашуви ва ОИВ инфекцияли шахсларга тиббий-ижтимоий ёрдамнинг таъминланиши яхшиланиб борилишига қарамасдан, 2030 йилга бориб ОИВ инфекцияси эпидемиясига барҳам беришга эришиш учун “90-90-90” тамойилига мувофиқ тадбирларни амалга ошириш долзарб масалалардан бири бўлиб, ўз ечимини кутмоқда.

Хусусан, ОИТСга қарши кураш марказларининг туман даражасида тузилмаси мавжуд эмас. Бу ҳолат ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни тўлиқ амалга ошириш ва мувофиқлаштириш имконини бермайди. Бу ўз навбатида қишлоқ (маҳалла) аҳолисига зарурий хизматларни кўрсатилишини қийинлаштирмоқда.

Шу туфайли, туманлараро ОИВ диагностик лабораториялари қошида эпидемиолог ва юқумли касалликлар шифокоридан таркиб топган ОИТСга қарши кураш марказларининг туман филиалларини ташкил этиш эҳтиёжи мавжуд.
ОИТСга қарши кураш маркази лабораториялари Халқаро аккредитациядан ўтмаган. Миллий аккредитациядан ўтишни белгиловчи меъёрий ҳужжат қабул қилинмаган.

Лабораторияларда ҳар йили ўлчов асбоб-ускуналарини Давлат стандартлаш марказида метрологик кўрикдан ўтказиш зарурати мавжуд бўлиб, вилоятларда бундай кўрикларни ташкил этиш учун имкониятлар яратилмаган. 19 та туманлараро лабораториялар капитал таъмирлашга муҳтож.

ОИТСга қарши кураш марказлари хизматида бўлган автотранспортларнинг аксарияти 1993 йилда ва 2004-2008 йилларида (84,2 фоиз) ишлаб чиқарилган ва техник эксплуатация талабларига жавоб бермайди. Мавжуд автотранспортларни янгисига алмаштириш ва ОИТСга қарши кураш марказлари учун махсус транспортларни харид қилиш орқали автопаркни тўлиқ жиҳозлаш талаб этилади.

Аҳолининг, айниқса қишлоқ аҳолисининг ОИВ инфекцияси бўйича хабардорлигини ва касаллик юқишини олдини олиш бўйича ҳушёрлигини ошириш мақсадида Интернет тармоғида ОИВ инфекцияси масалалари бўйича махсус ахборот порталини яратиш зарур.
ОИТСга қарши кураш марказлари поликлиникалари ОИВ инфекцияли беморларда кўп учрайдиган ички аъзолар касалликларини аниқлашга мўлжалланган УТТ, эндоскоп, бронхоскоп, данцитометр, ЭКГ диагностик аппаратлари билан таъминланмаган.

Аҳолининг ОИВ инфекция юқиши хавфи юқори гуруҳларда, шунингдек, чет давлатга чиқиб кетаётган ва қайтган меҳнат мигрантлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда ОИВ инфекция билан касалланган беморларнинг яқинлари орасида тушунтириш ишлари самарасини янада ошириш талаб этилади.
Узоқ хориж ва ҳамдўстлик мамлакатлари тажрибаларини ўрганиш, улар билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш, мутахассислар салоҳиятини бошқа давлатларда олиб борилаётган дастурлар бўйича мунтазам ошириб бориш учун маблағлар ажратилмаган.

Янги қарорни қабул қилиш ва амалга ошириш орқали кутилаётган натижалар:

1. ОИВ инфекцияси тарқалишини олдини олиш ва эпидемияга қарши чора-тадбирларни самарасини ошириш ва бу тадбирларни туман даражасида доимий мувофиқлаштириш ҳамда қишлоқ (маҳалла) аҳолисига зарурий хизматлар кўрсатилишини яқинлаштириш мақсадида туманлараро ОИВ диагностик лабораториялари қошида эпидемиолог ва юқумли касалликлар шифокоридан таркиб топган ОИТСга қарши кураш марказларининг туман филиалларини ташкил этиш.

2. Аҳолининг, шу жумладан ОИВ инфекция юқиши хавфи юқори гуруҳларда, чет давлатга чиқиб кетаётган ва қайтган меҳнат мигрантлари, уларнинг оила аъзолари ҳамда ОИВ инфекция билан касалланган беморларнинг яқинлари орасида тушунтириш ишлари самарасини ошириш мақсадида Интернет тармоғида ОИВ инфекцияси масалалари бўйича махсус ахборот порталини яратиш.

3. Лабораториялардаги ускуналарни мунтазам метрологик кўригини амалга ошириш учун ҳар бир лаборатория учун маҳаллий бюджетдан етарли маблағ (ҳар бир лабораторияга 3 млн. сўм) ажратиш ва Давлат стандартлаш марказининг замонавий технологияларни метрологик кўрикдан ўтказишни маъмурий ҳудудларда ташкил этиш.

4. ОИТСга қарши кураш марказларини автотранспортларга бўлган эҳтиёжидан келиб чиқиб, ОИТСга қарши кураш марказлари учун махсус транспортлар харид қилиш орқали автопаркни тўлиқ жиҳозлаш (18 та ДАМАС).

5. ОИВ инфекцияли беморларда кўп учрайдиган ички аъзолар касалликларини аниқлаш учун ОИТСга қарши кураш марказлари поликлиникаларига УЗИ, эндоскоп, бронхоскоп, данцитометр, ЭКГ диагностик аппаратларини харид этишга маблағ ажратиш.

6. Узоқ хориж ва ҳамдўстлик мамлакатлари тажрибаларини ўрганиш, улар билан ҳамкорликда илмий изланишлар олиб бориш, мутахассислар салоҳиятини бошқа давлатларда олиб борилаётган дастурлар бўйича мунтазам ошириб бориш учун етарли маблағ ажратиш ва ОИВ инфекцияси профилактикаси, даволаш ва диагностикасини янада самарасини ошириш мақсадида мутахассисларни илғор хорижий тажрибаларга асосланган янги усулларини жорий қилиб, малакасини оширишни кучайтириш.

7. Жиззах, Наманган, Хоразм, Тошкент ва Қашқадарё вилоятлари ОИТСга қарши кураш марказлари учун замонавий талабларга жавоб берадиган янги бинолар қуриш ва 19 туманлараро лабораторияларда капитал таъмирлаш ишларини амалга ошириш.
Қарорнинг қабул қилиниши ОИВ инфекцияли шахсларни эрта аниқлаш, касалликни бошқаларга юқишини олдини олиш борасидаги профилактик тадбирларни тез амалга ошириш ва беморларни самарали даволаш ҳамда уларга зарур бошқа тиббий хизматларни кўрсатиш бўйича янги сифатли босқич бўлиб хизмат қилади ва мамлакатнинг халқаро ҳамжамият олдида ОИВ инфекциясига қарши курашиш бўйича олган мажбуриятларини тўлақонли бажарилишини таъминлайди.


Мақола муаллифи

Теглар

Вазирлар Маҳкамаси янги қарор ОИТС

Баҳолаганлар

43

Рейтинг

3.2

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг