Ўзбекистонда одам савдосининг ҳақиқий аҳволи қандай?

Жамият

image

Ўзбекистонда 2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар сони 22 фоизга камайган. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатида Одам савдоси ва мажбурий меҳнатга қарши курашиш бўйича Миллий комиссия раиси Танзила Норбоева раислигида ўтказилган йиғилишда сўз борган. 

Қайд этилишича, мажбурий меҳнатга йўл қуйган 259 нафар ҳамда иш ҳақларини ўз вақтида бермаган ва меҳнат шароитлари яратмаган 56 нафар мансабдор шахсга қонунчиликда белгиланган тартибда маъмурий жарималар қўлланилган.

Йиғилишда одам савдоси жабрдийдаларига ёрдам бериш, уларни реабилитация қилиш ҳамда хориждаги Ўзбекистон фуқароларининг манфаатини ҳимоя қилиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган. Жумладан, 2019 йилда 220 нафар одам савдоси жабрдийдаларига Республика реабилитация марказида тиббий, психологик ва ҳуқуқий ёрдам кўрсатилиб, уларнинг 113 нафари ишга жойлаштирилган. 3 минг 938 нафар фуқаро чет элда иш билан таъминланиб, иш ҳақини вақтида ололмаган меҳнат мигрантларининг 530 минг АҚШ долларига яқин иш ҳақлари ундириб берилган.

2019 йилда одам савдоси билан боғлиқ жиноятлар 2018 йилга нисбатан камайган бўлса-да, бу йўналишда содир этилган умумий жиноятлар орасида чақалоқ савдоси билан боғлиқ жиноятлар юқорилигича қолаётгани ҳам муҳокама марказида бўлди. Хусусан, 2018 йилда содир этилган одам савдоси билан боғлиқ жиноятларнинг 38 фоизини чақалоқ савдоси ташкил этган бўлса, 2019 йилда бу кўрсаткич 43 фоизга етган.

Шу билан бирга, одам савдоси билан боғлиқ мурожаатлар ҳал этилишининг қонунийлиги ҳамда ушбу турдаги жиноятларнинг аниқланиши ва судларда кўрилиши, жазо муқаррарлиги тамойили таъминланиши механизми самарали йўлга қўйилмагани тўғрисида сўз юритилди. 2019 йилда одам савдоси жинояти билан боғлиқ келиб тушган 710 та мурожаатдан бор йўғи 94 таси, яъни 13 фоизи бўйича жиноят иши очилган.


Мақола муаллифи

Теглар

одам савдоси

Баҳолаганлар

63

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг