Ўзбекистонда минг долларни қалбакилаштирган фуқаролар ушланди
3-саҳифа
−
15 Сентябрь 2023
4485Наманган ва Жиззах вилоятларида минг АҚШ долларини қалбакилаштириб, унга кийим-кечак ҳамда смартфон харид қилган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ахборот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, дастлаб Наманган вилоятида фуқаро А.А. Наманган шаҳридаги “Чорсу” бозорида фаолият юритувчи тадбиркорлар И.Ғ. ва М.И.дан харид қилган либослари учун 2 дона қалбаки 100 АҚШ доллари берганлиги аниқланган. Текширилганда фуқаро А.А.нинг ёнидан яна 10 дона қалбаки 100 АҚШ долларлик купюралар чиққан ва бу пуллар ашёвий далил сифатида олинган.
Шунингдек, яна бир ҳолатда Жиззах вилоятида фуқаро Ж.А. онлайн сотувга қўйган уяли алоқа воситасини харидор Ў.Ж.га 1 000 АҚШ долларига сотишга келишган. Учрашув пайтида харидор Ў.Ж. унга 100 АҚШ долларлик 10 дона қалбаки купюраларни бераётган пайтида қўлга тушган.
Мазкур ҳолатлар юзасидан Жиноят кодекснинг 176-моддаси (Қалбаки пул, акциз маркаси ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш) билан жиноят ишлари қўзғатилиб, ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, бундан олдин Андижонда қалбаки пул тайёрлаш билан шуғулланган жиноий гуруҳ қўлга олингани, аввалроқ эса Тошкентда қалбаки 100 минг сўмлик пул ишлаб чиқараётганлар ушлангани ҳақида хабар берган эдик.
LiveБарчаси