Ўзбекистонда меҳмонхоналар учун имтиёз ва преференциялар 2021 йил охиригача узайтирилади

Жамият 1280
image

Ўзбекистонда меҳмондўстлик соҳаси учун имтиёз ва преференциялар муддати 2021 йилнинг охирига қадар узайтирилади. Бу ҳақда Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси хабар берди.

Маълум қилинишича, жорий йилнинг 1 декабрь куни Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимовнинг Ўзбекистон Отельерлар Ассоциацияси аъзолари – Тошкент шаҳрининг энг йирик меҳмонхоналари эгалари ва бош менежерлари билан учрашуви бўлиб ўтди.

Азиз Абдуҳакимовнинг маълум қилишича, бугунги кунда меҳмонхоналар фаолиятини жонлантириши мумкин бўлган зиёрат туризмини ривожлантиришга оид лойиҳалар ишлаб чиқиляпти.

Лойиҳа доирасида Туркия, Эрон, Ҳиндистон, Покистон ва Бангладешнинг етакчи диний арбоблари билан Ўзбекистонга янги сайёҳлар оқими ташрифини ташкил қилишга доир музокаралар ўтказилган. 

Ўзбекистон Отельерлар Ассоциацияси раиси Фарангиз Абдуллаева меҳмондўстлик соҳасида даромадларни қўллаб-қувватлаш ҳамда иш ўринларини қисқартирмаслик мақсадида меҳмонхоналар учун жорий қилинган имтиёз ва преференциялар муддатини 2021 йилнинг июнь ойига қадар узайтиришни таклиф қилди.

Учрашувда халқаро тажрибадан келиб чиққан ҳолда жойлаштириш воситаларини сертификациялаш тизимини такомиллаштириш бўйича таклиф киритилган. Негаки меҳмондўстлик соҳаси учун санитар норма ва қоидаларнинг ягона тизими масаласи очиқлигича қолган.

Учрашув якунига кўра, меҳмондўстлик соҳаси учун имтиёз ва преференциялар муддатини 2021 йилнинг охирига қадар узайтириш ҳамда санитар норма ва қоидаларнинг ягона тизимини тасдиқлашга оид қарор қабул қилинди.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 11
Рейтинг: 3.2
Теглар
t
×