Ўзбекистонда меҳмонхона йиғими жорий қилинади
Жамият
−
02 Январь 2021
65322021 йил 1 мартдан бошлаб Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва Ўзбекистон Республикасида доимий яшовчи фуқаролиги бўлмаган шахслардан жойлаштириш воситасида, улар яшаган ҳар бир кун учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 0,5 фоизи миқдорида туристик (меҳмонхона) йиғими жорий қилинади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида белгиланган.
Бунда, туристик (меҳмонхона) йиғими ички туризмни тарғиб қилиш ва рағбатлантириш, туризм мавсуми паст бўлган даврда жойлаштириш воситаларининг бандлигини таъминлашга қаратилган чора-тадбирларни молиялаштиришга йўналтирилади;
Шунингдек, қуйидагича тартиб ўрнатилади:
• ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган "оилавий зиёрат таътили" тизими жорий қилинади. Бунда, “оилавий зиёрат таътили” йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади;
• меҳнат жамоалари орасида мамлакат бўйлаб саёҳат қилишларини рағбатлантириш мақсадида “Саёҳат етакчиси” тизими жорий қилинади. Бунда, туризм мавсуми паст бўлган даврда ўз меҳнат жамоаларига саёҳатлар ташкил қилган энг фаол 1 000 нафар “Саёҳат етакчиси”га йил якуни билан Ўзбекистон бўйлаб турли мавзудаги саёҳатлар бепул асосда тақдим этилади;
• мамлакат бўйлаб саёҳатларни рағбатлантиришга қаратилган, шу жумладан бонуслар йиғиб бориладиган, тавсия этиладиган туризм намойиши объектлари тўғрисида маълумотлар акс этган ҳамда саёҳатларни қайд этадиган тизимни назарда тутувчи “Турист паспорти” жорий этилади ва унинг доирасида энг фаол сайёҳлар мукофотланиб борилади;
• республиканинг туризм намойиши объектларини кенг тарғиб қилиш, фуқароларни бой табиий, маданий ва тарихий мерос, зиёратгоҳлар билан таништириш ҳамда ички туризмни тарғиб қилишга қаратилган (тижорат мақсадларни кўзламаган) ахборот маънавий-маърифий масалаларга доир ахборотга тенглаштирилади;
• давлат органларининг ижтимоий реклама маҳсулотлари Қўмита томонидан ишлаб чиқилган зиёрат туризм объектлари акс эттирилган дизайн тасвири асосида тайёрланади.
LiveБарчаси