Байрамларда камида 3 кун қўшимча дам олиш куни бериш таклиф қилинди
Жамият
−
28 Декабрь 2020
15630Келгусида Рамазон ҳайит (Ийд ал-Фитр) ва Қурбон ҳайит (Ийд ал-Адҳа) диний байрамлари, Наврўз умумхалқ байрами, Мустақиллик куни ҳамда Янги йил байрамини нишонлаш даврида қўшимча ишланмайдиган кунлар уч кундан кам бўлмаган муддатга белгиланади. Бу ҳақда “Ўзбекистон Республикасида зиёрат туризмини янада ривожлантириш ва зиёратчилар учун қулай шарт-шароитлар яратиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармони лойиҳасида белгиланган.
Фармон лойиҳасига мувофиқ 2021 йилда хизматлар ва сервис соҳаларини ривожлантиришнинг драйверлари сифатида “Ўзбекистон бўйлаб саёҳат қил!” шиори остида ички туризмни оммалаштириш, шунингдек, зиёрат туризмини ривожлантириш, шу жумладан “Умра+” зиёрат дастури амалга оширилади.
Шунингдек, ҳар йили 1 декабрга қадар Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси билан биргаликда келгуси йил учун байрам ва қўшимча ишланмайдиган кунлар тақвимини эълон қилиб боради.
Бундан ташқари, ота-оналар, қариндошлар, қариялар ва устозлар билан биргаликда саёҳат қилишни назарда тутувчи беш иш кунидан кам бўлмаган “оилавий зиёрат таътили” тизими жорий қилинади. Бунда, “оилавий зиёрат таътили” йиллик асосий таътил ҳисобидан тақдим этилади ва жамоавий шартномаларга мувофиқ иш берувчининг розилиги билан амалга оширилади.
Меҳнат жамоалари орасида мамлакат бўйлаб саёҳат қилишларини рағбатлантириш мақсадида “Саёҳат етакчиси” тизими жорий қилинади. Бунда, туризм мавсуми паст бўлган даврда ўз меҳнат жамоаларига саёҳатлар ташкил қилган энг фаол 1 000 нафар “Саёҳат етакчиси”га йил якуни билан Ўзбекистон бўйлаб турли мавзудаги саёҳатлар бепул асосда тақдим этилади.
LiveБарчаси