Ўзбекистонда маҳсулот нархини тўлов турига қараб ошириш тақиқланади
Жамият
−
21 Ноябрь 2021
6405Ўзбекистонда товарларни нақд ва нақд пулсиз шаклда сотиб олишда икки хил нарх қўйилиши тақиқланади. Бу ҳақда Олий Мажлис Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисида маъқулланган “Истеъмолчиларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунда белгиланмоқда.
Қонунда истеъмолчи ва сотувчи (ишлаб чиқарувчи, иш ва хизмат кўрсатувчи) ўртасидаги муносабатларни ҳуқуқий тартибга солишнинг янгича механизмлари, шартномавий муносабатларда истеъмолчига ўзининг қонунчиликда белгиланган талабларини қаноатлантиришда устувор ҳуқуқ берилиши ва шартномага истеъмолчининг қонунчиликда назарда тутилган ҳуқуқларини камситадиган шартларни киритишга йўл қўйилмаслик каби янги талаблар киритилган.
Шунингдек, истеъмолчи томонидан товарлар учун ҳақ тўлаш нақд пул ёки нақд пулсиз шаклда амалга оширилиши мумкинлигини инобатга олган ҳолда сотувчига ҳақ тўлаш шаклига қараб товарнинг айни бир маркаси (модели, артикули) учун ҳар хил нархлар белгилаши тақиқланмоқда.
Истеъмолчига сотилган нуқсонли ёки мақбул сифатли товарларни қайтариб беришда ўзаро ҳисоб-китобларни амалга оширишда юзага келаётган айрим масалаларга ҳам аниқлик киритиб кетилмоқда.
Хусусан, агар тарафларнинг келишувида бошқача қоида назарда тутилмаган бўлса, истеъмолчи томонидан тўланган пул суммасини унга қайтариш товар учун ҳақ тўлаш қандай шаклда амалга оширилган бўлса, худди шундай шаклда амалга оширилиши белгиланмоқда.
Товарда нуқсонлар борлиги ва унинг норматив ҳужжатлар талабларига мувофиқ эмаслиги тасдиқланган тақдирда, сотувчи (ишлаб чиқарувчи, ижрочи) текширув (тест, экспертиза) ўтказишни ташкил қилган истеъмолчи ёки истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ваколатли давлат органларига товарларни текшириш (тестдан ўтказиш, экспертиза қилиш) билан боғлиқ харажатларнинг ўрнини тўлиқ қоплаши кераклиги ҳақидаги норма киритилмоқда.
Бундан ташқари, истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва реклама бозорини тартибга солиш соҳасида ягона давлат сиёсати ҳамда давлат органлари ва ташкилотлари фаолиятини мувофиқлаштиришни амалга оширувчи ваколатли давлат органи сифатида Истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш агентлиги ҳуқуқ ва ваколатлари Қонун билан мустаҳкамлаб қўйилмоқда.
Товарларни намуналар ва (ёки) уларнинг тавсифи бўйича ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилишда истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва олдини олиш мақсадида ушбу муносабатларни тартибга солувчи талаблар алоҳида янги модда сифатида киритилмоқда.
Шу билан бирга, Қонунда нодавлат жамоат бирлашмаларининг истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги ваколат ва ҳуқуқларига аниқлик киритилган.
Ҳужжатда ишлаб чиқарувчи, савдо ва хизмат кўрсатиш қоидалари, товар тўғрисидаги ахборотни истеъмолчиларга давлат тилида тўлиқ етказиш, товарни экспертизадан ўтказиш ҳолатлари ўз аксини топмоқда.
Қонун товарларни (ишларни, хизматларни) масофадан туриб, ахборот тизимларидан фойдаланган ҳолда реализация қилиш чоғида истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишига йўл қўймаслик ва уларни олдини олишга қаратилган нормалар билан ҳам тўлдирилган.
Қайд этилишича, қонун қабул қилиниши истеъмолчилар ҳуқуқлари бузилишининг олдини олиш, сотувчининг истеъмолчи олдидаги масъулияти ва жавобгарлигини оширишга хизмат қилади.
LiveБарчаси