Ўзбекистонда коронавирусга қарши қайта эмлаш бошланди
Жамият
−
22 Ноябрь 2021
11349Ўзбекистонда коронавирусга қарши бустер (қўшимча) доза билан ихтиёрий эмлаш бошланди.
Мамлакат бош давлат санитария врачининг кўрсатма хатига мувофиқ, жорий йилнинг 17 ноябрь кунидан бошлаб тўлиқ эмланган фуқаролар (2 ёки 3 маротаба эмланганлар) бустер доза билан ихтиёрий эмланади.
Таъкидланишича, қайта эмлаш аҳоли ўртасида коронавирус инфекциясига қарши иммунитетни ошириш мақсадида йўлга қўйилди.
Бустер доза билан эмлаш қуйидаги тартибда амалга оширилади:
- бустер доза билан эмланувчи контингентга тўлиқ вакцина курсини олганига 6 ой ва ундан ортиқ вақт ўтган аҳоли киради;
- бустер доза олмоқчи бўлган аҳоли Республиканинг барча даволаш профилактика муассасаларининг эмлаш пунктларида эмланиши мумкин;
- эмлаш пунктида бустер дозани вакцинанинг ҳар қандай туридан фойдаланган ҳолда олиш мумкин.
Маълумот учун, 20 ноябрь ҳолатига кўра, Ўзбекистонда жами 31,4 миллион дозадан ортиқ вакцинадан фойдаланилган. Эмланиши режалаштирилганларнинг 76,7 фоизи камида биринчи дозани олган.