Ўзбекистонда коронавирусдан даволанганлар 38 нафарга етди
Жамият
−
09 Апрель 2020
10204Бугун, 9 апрель куни Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморларнинг яна 8 нафари касалликдан фориғ бўлди. Тузалганлар Вирусология илмий-текшириш институти клиникасидан Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ва бошқа масъуллар иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилди. Бу ҳақда ССВ Матбуот хизмати хабар берди.
Шундай қилиб, айни пайтда коронавирус инфекциясига чалинган бемордан 38 нафари бутунлай даволанди. Тузалганларнинг кун сайин кўпайиб бораётганида эса, авваламбор, шу соҳада фаолият олиб бораётган фидокор тиббиёт ходимларининг улкан ҳиссаси мужассам. Шифокорлар беморларни даволашда дунё тажрибаси, хусусан, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти, Германия, Жанубий Корея, Хитой, Япония каби қатор мамлакатларнинг энг нуфузли мутахассислари тавсияларидан фойдаланишмоқда.
Шунингдек, шифокорлар беморларни даволаш жараёнида мамлакатнинг етук пульмонолог, кардиолог, терапевт, эндокринолог, реаниматолог каби қатор мутахассислар билан телемулоқот ўрнатиб, улардан керакли тавсияларни олаётгани ҳам қўл келмоқда. Тор мутахассислар билан ҳамкорлик беморларнинг ҳолати юзасидан маслаҳатлашиш, аниқ ташхис қўйиш ва даволаш имконини бераяпти.
Яна бир гуруҳ соғайган беморларни кузатиш маросимида Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов фидокор тиббиёт ходимларига миннатдорлик билдирди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Айни вақтгача коронавирусга чалинганлар сони 582 нафарга етди. Бугунгача уларнинг 3 нафари вафот этган.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь