Ўзбекистонда коронавирус тарқалгани рад этилди

Саломатлик 7953
image

Ўзбекистонда коронавирусга чалинган беморлар аниқланмагани ҳақида расмий ахборотлар берилганига қарамай, ижтимоий тармоқларда коронавирус Ўзбекистонда ҳам аниқлангани ҳақида турли миш-мишлар тарқалишда давом этмоқда. Ўзбекистон Республикаси Соғлиқ сақлаш вазирлиги Матбуот котиби мазкур миш-мишларга нисбатан муносабат билдирди. Унда шундай дейилади: 

“Ҳозирда Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталиги агентлигида мамлакатимиз ҳудудига коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш билан боғлиқ ишларни мувофиқлаштириш мақсадида туну кун фаолият кўрсатувчи махсус штаб фаолият кўрсатмоқда. Бундан ташқари, мазкур Агентликда ташкил этилган “Ишонч телефонлари” орқали Хитойдан келаётган фуқаролар, таҳсил олаётган талабалар, уларнинг ота-оналари, тадбиркор ва бошқа соҳа ходимларига тегишли тушунтириш ва керакли тавсиялар ҳам бериб борилмоқда.

Шу кунларда ҳаво, автомобиль ва темир йўл транспорти объектларида санитария-эпидемиология ва миграция назорати ҳар қачонгидан ҳам кучайтирилмоқда. Тезкор маълумотларга қараганда, биргина шу йилнинг 31 январь куни Тошкент халқаро аэропорти орқали хориждан учиб келган жами 4194 нафар, темир йуллари орқали эса 953 нафар фуқаро санитария-карантин пунктларида термометриядан ўтказилган. Натижада агентликнинг вирусология лабораториясига коронавирусга текшириш учун 21 нафар фуқародан намуналар олинган. Ўтказилган тиббий текширувлар натижасида намуналар орасида коронавирус касаллигининг вируси топилмаган.

Шу ўринда, турли ижтимоий тармоқларда мамлакатимизда коронавирус қайд этилганлиги билан боғлиқ хабарлар ҳақиқатга мутлақо зид эканлигини яна бир бор таъкидлаб ўтамиз. Бугунги кунга қадар юртимиз фуқаролари орасида коронавирус инфекцияси қайд этилмаган.

Эслатиб ўтамиз, коронавирус инфекцияси ва у билан боғлиқ вазият юзасидан Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлигининг (71) 276-46-65, (71) 276-49-66 телефон рақамларига мурожаат қилишингиз мумкин”.

Маълумот учун, бугунгача Хитойнинг Ухань шаҳрида пайдо бўлиб, дунёга тарқалган 2019-nCoV вирусидан 259 нафар одам ҳалок бўлди. Дунё бўйича ушбу вирус билан касалланганлар 11943 нафарга етди. Вирус юқтирганларнинг асосий қисми – 11791 нафари Хитойда.

Qalampir.uz Tahririyati
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 183
Рейтинг: 2.9
Теглар
t
×