Ўзбекистонда коронавирус билан касалланиш кўрсаткичи анча ошгани айтилди
Жамият
−
17 Июнь 2020
11871Кеча, 16 июнь куни 20 нафар аҳоли орасида, жумладан, тикувчи, сотувчи, ҳайдовчи, фаррош ва ҳомиладор аёлда коронавирус қайд этилган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар бермоқда.
Маълумотларга кўра, Ўзбекистонда сўнгги икки ҳафтада биргина Тошкент шаҳрида аниқланган 551 нафар ҳолатдан 482 нафари аҳоли орасида қайд этилган. Шундан 57 та ҳолатда юқиш манбаи номаълум бўлиб қолаётгани касалликни юқтириб олиш хавфи юқори эканини кўрсатмоқда.
15 июнь санасида Ўзбекистонда коронавирус инфекцияси тасдиқланган 183 нафар беморнинг 29 нафари, 16 июнь куни эса коронавирус қайд этилган 230 нафар бемордан 20 нафари аҳоли орасида тасдиқланди. Икки кунлик маълумотга кўра, умумий касалланиш кўрсаткичи анча ошган, аҳоли орасида коронавирусга чалиниш ҳолати эса бирмунча камайган.
16 июнь куни аҳоли орасида коронавирус аниқланиш ҳолатларини ҳудудлар кесимида қуйидаги рақамларда акс этади:
Тошкент шаҳрида 14 нафар;
Бухоро вилоятида 3 нафар;
Самарқанд вилоятида 2 нафар;
Наманган вилоятида эса 1 нафарни ташкил этди.
Маълумотларга кўра, Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшовчи оиланинг 3 нафар аъзосида (дам олиш ҳудудига ҳордиқ чиқариш учун оилавий боришган, бир кун ўтиб, тана ҳарорати кўтарилгач, таҳлил топширишган), шу туманда яшовчи яна уч нафар фуқарода коронавирус аниқланган. Бундан ташқари, пойтахтнинг Учтепа туманидаги тикувчилик цехи ишчисида, ишга жойлашиш учун намуна тоширган шахсда ҳамда тана ҳарорати кўтарилгани сабабли поликлиникага мурожаат қилган фуқарода инфекция қайд этилган.
“Шунингдек, Тошкент шаҳридаги “Малика” савдо мажмуаси сотувчисида (ишга чиқиш учун намуна топширган), Юнусобод туманида яшовчи ҳомиладор аёлда (шифохонага ётиш учун намуна топширган), Сергели туманида яшовчи вақтинча ишсиз фуқаро (тана ҳарорати кўтарилгач, уй шароитида шифокорга мурожаат қилмасдан даволанган) ва унинг 4 нафар оила аъзосида, республика ихтисослаштирилган онкология ва тиббий радиология илмий-амалий тиббиёт марказида даволаниш учун намуна топширган фуқарода инфекция аниқланган”, дейилади хабарда.
Самарқанд туманида яшовчи нафақадаги беморда (онкология касаллиги сабабли шифохонага ётиш учун намуна топширган), Самарқанд шаҳридаги 24-мактаб фарроши (кўкрак бези касаллиги бўйича намуна топширган), Бухоро вилояти Шофиркон туманида яшовчи ҳайдовчида ҳам касаллик тасдиқланган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь