Ўзбекистонда хусусий компанияларга электр энергияси билан савдо қилишга рухсат берилади

Жамият 2117
image

Ўзбекистон 2025 йилгача улгуржи рақобатбардош электр энергияси бозорига ўтмоқчи. Энергетика вазирлиги хабарига кўра, Лойиҳа офиси уч босқичдан иборат улгуржи энергетика бозорига ўтишдастурини ишлаб чиққан.

Биринчи босқичда электр энергияси корхоналарини эркинлаштириш ва электр энергиясини сотиш истагида бўлган хусусий корхоналар томонидан лицензия олиш кўзда тутилган. Бунда бозор муносабатларига асосланган ёндашув натижасида маҳсулот сифатини яхшилаш ва нархларнинг пасайишига эришилади.

Электр энергиясининг рақобатбардош улгуржи бозорига ўтишнинг иккинчи босқичида электр энергиясини тақсимлаш тизимининг оператори яратилади ва истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш функциялари таъминотчиларга босқичма-босқич ўтказилади. Мазкур таъминотчилар лицензия асосида истеъмолчиларга электр энергиясини сотиш ҳуқуқига эга бўладилар. Таъкидланишича, ушбу босқичда истеъмолчилар электр энергиясини онлайн савдо платформаси ёки исталган таъминотчи орқали сотиб олишлари мумкин бўлади.

Учинчи босқич – “Кун ичи (соатбай) савдолар” босқичи. Онлайн савдо платформасидаги эркин шартномалар ҳажмларига кўра, электр энергиясини режа асосида соатбай ишлаб чиқариш ва истеъмол қилишнинг ортиқча ёки етишмаётган ҳажмларини сотиш ва сотиб олиш операциялари амалга оширилади.

Шунингдек, энергетика соҳасининг норматив-ҳуқуқий базасини такомиллаштириш бўйича ишлар давом эттирилади. Хусусан, ишлаб чиқилган лойиҳаларни экспертизадан ўтказиш бўйича жадал ишлар олиб борилмоқда: янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикасининг “Электр энергетикаси тўғрисида”ги Қонуни (у бўйича ишлар Европа тикланиш ва тараққиёт банки ва Жаҳон банки экспертлари билан ҳамкорликда амалга оширилди, Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Электр энергетикаси сохасини ислоҳ қилишнинг қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Магистрал электр тармоқлари кодексини тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори лойиҳалари ишлаб чиқилган.

Суннатилла Абдуллаев
Мақолага баҳо беринг
Баҳолаганлар: 32
Рейтинг: 3
t
×