Ўзбекистонда карантиндан қочган шахс ушланди
Жамият
−
21 Март 2020
16984Аввалроқ, мамлакатда 16 минг киши карантинга олингани ҳақида маълумот берган эдик. Тошкент вилояти ИИББ Матбуот хизматининг хабар беришича, карантиндагилардан бири белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай қочиб кетган.
Хабарда айтилишича, Паркент тумани ИИБ ходимлари томонидан Самарқанд вилоятида карантинда бўлиб туриб, белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай қочган шахс ушланган.
Тафсилотларга кўра, жорий йилнинг 19 март куни Россия Федерациясининг Самара шаҳридан Ўзбекистон Республикасига кириб келган поезд йўловчилари, эпидемик вазиятдан келиб чиқиб, ўрнатилган тартибда, Самарқанд вилоятига ташкил этилган карантин марказларига жойлаштирилган. Аммо, Паркент туманида яшовчи 1954 йилда туғилган фуқаро Т. Э. белгиланган тартиб қоидаларга амал қилмай карантиндан қочган.
Ҳозирда ушбу шахс ўз уйида ушланган ва эҳтиёт чораси сифатида изолацияга олинган. Шунингдек, фуқаро Т. Э.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 257 моддаси (санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан жиноят иши қўзғатилган ва ҳозирда тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
"Мамлакатимизда инфекциясининг кенг тарқалишига йўл қўймаслик мақсадида карантин эълон қилинган. Мазкур вазиятда давлат идораларининг асосий вазифаларидан бири аҳоли ўртасида саросимага йўл қўймаслик ва қисқа муддат ичида мазкур инфекциянинг тарқалишига қарши курашишдир. Шу билан бирга, аҳоли тинчлиги ва жамоат тартибини сақлаган ҳолда жиноятчиликнинг олдини олишдан иборат", дейилади ИИББ хабарида.
Шу ўринда фуқароларга эслатиб ўтамиз. Эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузганлик учун қонунда белгиланган тартибда жиноий жавобгарликка тортилади.
Санитарияга оид қонун ҳужжатларини ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш, одамларнинг оммавий касалланишига олиб келса 11 млн 150 минг сўмдан 22 млн 300 минг сўмгача миқдорда жарима солиш ёки 5 йилгача муайян ҳуқуқдан маҳрум қилиш ёки 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 1 йилдан 3 йилгача озодликни чеклаш ёхуд 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Ўша қилмиш одамнинг ўлимига сабаб бўлса, 2 йилдан 3 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 3 йилдан 5 йилгача озодликни чеклаш ёхуд озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланади.
Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь