Ўзбекистонда карантин чекловлари юмшатилди. Нималарга рухсат берилди?

Жамият

image

Бугун, 29 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев пандемия даврида аҳолини асосий турдаги озиқ-овқат маҳсулотлари билан кафолатли таъминлаш ва нарх-наво барқарорлигини сақлаш масалаларига бағишланган видеоселектор йиғилиши ўтказди. Давлат раҳбари йиғилиш давомида қатор карантин чекловларини юмшатиш бўйича топшириқлар берди.

Биринчи навбатда, шаҳар ва туманлардаги кўп қаватли уйларнинг ички ҳовли ва ҳудудларида ота-оналар ҳамроҳлигида болаларини сайр қилдиришга рухсат берилади. Бунда хавфсизлик чораларига қатъий риоя қилиш талаб этилади. Топшириқнинг ижросини сўзсиз таъминлаш Ички ишлар вазирлиги ва Миллий гвардияга юкланди. Тошкент шаҳри бу борада намуна бўлиши кераклиги таъкидланди.

Иккинчидан, фермер ва деҳқонлар томонидан етиштирилган мева-сабзавот, полиз ва кўкат маҳсулотларини жойларга етказиш ва сотиш учун вилоятлараро ва шаҳарлараро қатновларни амалга оширишга рухсат берилади. Бош прокурор бошчилигидаги озиқ-овқат хавфсизлигини таъминлаш комиссиясига қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларга етказиб бериш бўйича 24 соат ишлайдиган узлуксиз тизим ташкил этилади .

Шу билан бирга, Ички ишлар вазирлиги деҳқон ва фермер хўжаликларининг автотранспорт воситаларини ҳудудлараро постларда кутиб олиш, уларни ташкил этилган ярмаркалар ва савдо нуқталарига тартиб билан кузатиб боришни таъминланади. Давлат солиқ қўмитаси, Бош прокуратура, Ички ишлар вазирлиги сотиш учун олиб келинаётган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини жойларда аҳоли талаб ва эҳтиёжларидан келиб чиққан ҳолда, савдо майдончалари, ярмарка ва бозорларга йўналтириб борилади.

Учинчидан, Ўзбекистонга коронавирус инфекциясини кириб келиши ва тарқалишини олдини олиш юзасидан чора-тадбирлар дастурини тайёрлаш бўйича Республика махсус комиссияси тегишли чекловлар ўрнатилган ҳудудларда аҳоли томонидан эрталаб соат 7:00 дан 10:00 гача ҳамда кечқурун 17:00 дан 20:00 гача шахсий автомашиналардан фойдаланишга рухсат берилишини таъминланади. Автомобилларга ҳаракатланиш ҳақидаги рухсат аниқ санаси махсус комиссия қарори билан белгиланади.

Ушбу топшириққа биноан шахсий автотранспортдан, биринчи навбатда, фуқаролар иш жойига, тиббиёт муассасаларига бориши ва уйига қайтиши, истеъмол маҳсулотлари, дори-дармон ва тиббий буюмларни харид қилиши учун фойдаланиши кўзда тутилади. Шунингдек, махсус рухсатномаларга (стикерларга) эга ва етказиб бериш хизматини кўрсатаётган фуқаролар эса шахсий автотранспортда ҳеч қандай чекловсиз ҳаракатланиши мумкинлиги таъкидланди.

Тўртинчидан, олимларга, илмий-тадқиқот институтлари ходимларига, профессор-ўқитувчиларга санитария-гигиена нормаларини таъминлаган ҳолда ўз лаборатория ва кафедраларида кундалик ишларини давом эттиришларига рухсат берилади.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистонда коронавирусни юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат жорий йилнинг 15 март куни қайд этилган эди. Ҳозирда беморлар сони 1969 кишини ташкил қилмоқда. Бугунгача беморларнинг 1096 нафари соғайган, 8 нафари вафот этган.

Қадрли юртдошлар, карантин даврида зарурат бўлмаса, кўчага чиқманг. Вақтни оилангиз, фарзандларингиз даврасида ўтказинг. Унутманг, #UydaHayotBor


Мақола муаллифи

Теглар

Коронавирус Ўзбекистонда

Баҳолаганлар

436

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг

online_predictionLive

Барчасиcall_made