Ўзбекистонда камбағалликка қарши қандай курашилмоқда?
Жамият
−
24 Декабрь 2020
11474Маҳаллаларда “Темир дафтар”га киритилганлар билан ишлаш, дафтарлардаги маълумотларни янгилаб бориш ҳамда камбағал оилаларни рўйхатдан чиқариш масалалари Ўзбекистон сиёсий ҳаётида ҳам, ижтимоий ҳаётида ҳам биринчи планга кўтарилди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев жорий йилнинг 24 январдаги Мурожаатномасида Ўзбекистонда камбағалликни қисқартириш масаласига алоҳида тўхталиб, бу бўйича аниқ кўрсатмалар берган эди.
“Камбағалликни камайтириш – бу аҳолида тадбиркорлик руҳини уйғотиш, инсоннинг ички куч-қуввати ва салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш, янги иш ўринлари яратиш бўйича комплекс иқтисодий ва ижтимоий сиёсатни амалга ошириш, демакдир”, деган эди Президент.
Камбағалликни қисқартириш сиёсатини юритиш департамент директори Илҳом Маматқулов юқоридаги масалалар юзасидан жорий йилда қилинган ишлар тўғрисида ҳисобот берди.
Департамент директори, аввало камбағаллик тушунчаси нима экани ва камбағал кишини қандай аниқлаш кераклиги ҳақида тушунча бериб ўтди:
“Дарҳақиқат, камбағаллик йўналиши бугунги куннинг долзарб масалаларидан бири ҳисобланади. Камбағаллик тушунчасига халқаро ташкилотлар томонидан бир қатор таърифлар берилган. Уларнинг ичида БМТ томонидан таклиф этилган таъриф кенг қамровли бўлиб, унга кўра камбағаллик – бу инсоннинг асосий эҳтиёжларини, яьни шу жумладан озиқ-овқат, тоза ичимлик суви, санитария иншоотлари, соғлиқни сақлаш, турар жой, таълим хизматлари билан боғлиқ эҳтиёжларини тўлақонли қондира олмаслик ҳолати ҳисобланади. Яъни камбағаллик нафақат даромад ёки истеъмол, балки инсоннинг ижтимоий хизматлардан фойдаланиш имконияти, моддий аҳволи, соғлиги ва ҳаёт тарзидан мамнунлиги билан ифодаланилади”, дейди у.
Илҳом Маматқуловга кўра, ҳозирги кунда, Республикада камбағалликни қисқартириш борасида қисқа ва узоқ муддатларга мўлжалланган стратегик чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Қисқа муддатли чора-тадбирлар асосан, аҳолини камбағаллик ҳолатидан қашшоқлик ҳолатига ўтиш рискини тўлиқ бартараф этишга қаратилган.
Бунда жаҳон тажрибасида кенг қўлланиладиган камбағал оилаларнинг доимий даромад манбаини яратиш, инсон капитали сифатини ошириш ҳамда тўғридан-тўғри қўллаб-қувватлаш каби 3 воситадан фойдаланилмоқда.
Биринчи восита – камбағал аҳолининг доимий даромад манбаи яратилиши
Маълум қилинишичаушбу восита орқали камбағалликни қисқартириш борасида бир қатор ишлар амалга оширилмоқда. Хусусан:
- “Оилавий тадбиркорлик” дастурларини қамров даражаси оширилмоқда;
- аҳоли томорқаларини ривожлантиришга, қишлоқ хўжалиги, ҳунармандчилик ва бошқа соҳаларда кооперативларга жалб қилинадиган шахсларнинг аъзолик бадалига, меҳнат органлари йўлланмаси билан ишга оладиган иш берувчиларга субсидиялар ажратилмоқда;
- Наманган вилоятида ижтимоий ҳимояга муҳтож, ишсиз, кам таъминланган оилалар бандлигини таъминлаш орқали доимий даромад манбаларига эга бўлишларига кўмаклашиш мақсадида “Бир жойда – минг оила иссиқхонаси” лойиҳаси амалга оширилмоқда;
- Ушбу лойиҳа орқали Наманган туманида 38 минг хонадоннинг 1,5 минг гектар экин майдонларида иссиқхоналар ташкил этиш учун 50 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.
Лойиҳа доирасида “Бир маҳалла - бир маҳсулот” тамойили асосида бир жойда экспортбоп сифатли маҳсулот етиштирилиб, камбағал оилалар доимий даромад манбаларига эга бўлмоқда. Ҳозирда мазкур лойиҳа доирасида Чортоқ туманидаги 800 та камбағал оилалар аъзоларининг бандлиги таъминланган.
Иккинчи восита – инсон капитали сифатининг оширилиши
Камбағал аҳолини қўллаб-қувватлашда дастлабки босқичларда асосан имтиёзли кредитлар ва тўғридан-тўғри молиявий ёрдам бериш механизмига урғу берилган. Яъни камбағал аҳолининг тадбиркорлик кўникмаларини шакллантириш ва касб-ҳунарга ўқитиш кейинги босқичдаги ишларнинг муҳим йўналиши сифатида белгилаб олинган. Унда қуйидагиларга алоҳида эътибор берилган:
- касб ва ҳунарга ўқитишда мономарказларни ташкил этиш, устоз-шогирд анъанасини тиклаш ва кенгайишини рағбатлантириш, “World skills” стандартларини амалиётга жорий этиш;
- ўқитиш ишларига нодавлат ва нотижорат ташкилотлари ҳамда хусусий секторни кенг жалб этиш.
Жорий йилнинг биринчи ярим йиллигида ҳудудларда ишсиз камбағал аҳолини касб-ҳунар ва тадбиркорлик кўникмаларини шакллантиришга йўналтирилган ўқув курслари ташкил этиш учун 35,5 млрд. сўм маблағ йўналтирилган.
Учинчи восита – камбағал оилаларга тўғридан-тўғри моддий ва номоддий ёрдам кўрсатилиши
Аҳолининг муҳтож қатламини моддий ва номоддий қўллаб-қувватлашни тизимли амалга ошириш мақсадида жойлардаги 4 та сектор (ҳоким, прокурор, ичкиш ишлар ва солиқ), маҳалла органлари, кенг жамоатчилик вакиллари ҳамда маҳаллий кенгаш депутатлари билан биргаликда эҳтиёжманд, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож оилалар рўйхати “Темир дафтар” ташкил этилган.
Таъкидланишича, мазкур тизимнинг шаффофлигини таъминлаш, ижтимоий аҳволи ва турмуш шароити оғирлашган ва сектор раҳбарлари томонидан алоҳида назоратга олинган оилаларни қайд этишга мўлжалланган saxovat.argos.uz дастури ишга туширилиб, оилаларнинг меҳнатга лаёқатли ишсизлари бандлигини таъминлаш орқали уларга даромад манбаи яратишнинг “Вақтинчалик тартиби” тасдиқланган.
“Темир дафтар”га 592 минг оила ва уларнинг 2,5 млн. нафар аъзоси, шундан 602,7 минг нафар меҳнатга лаёқатли ишсиз оила аъзолари киритилиб, “вақтинчалик тартиб” асосида, жорий йил 1 декабрь ҳолатига 527,4 минг нафар (жамига нисбатан 87 %) меҳнатга лаёқатли аъзолар бандлиги таъминланган. Шу билан бирга, бандлиги таъминланиб, даромад манбаи яратилган 386,4 мингта (65%) оила “темир дафтар” рўйхатидан чиқарилган.
Ўзбекистон Республикаси Президентининг жорий йил 30 июль кунги “Коронавирус пандемияси даврида ижтимоий ҳимояга ва ёрдамга муҳтож аҳоли қатламларини моддий қўллаб-қувватлашга доир қўшимча чора тадбирлар тўғрисида”ги Фармони билан “темир дафтар” ҳақиқатда муҳтож, ночор ва эҳтиёжманд оилаларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида:
- дастлаб, Қурбон Ҳайити байрами арафасида 182 мингдан ортиқ оилага 154 млрд.сўм моддий ёрдам ажратилган;
- кейинги босқичда, август ойида жон бошига 220 минг сўмдан 280 минг оилага 260 млрд.сўм бир марталик моддий ёрдам ажратилган;
- тез тиббий ёрдам бригадаларининг 41 мингдан ортиқ ходимларига ходимларининг бир марталик пул мукофотлари учун 141 млрд.сўм маблағ ажратилган;
- Ўзбекистон мусулмонлари идораси ҳузуридаги “Вақф” ҳайрия жамоат фондига жамиятимизда тинчлик, дўстлик меҳр-оқибат ва ҳамжиҳатлик ғояларини кенг тарғиб этиб келаётган диний соҳа вакилларини қўллаб қувватлаш учун 150 млрд .сўм маблағ ажратилган;
- ижтимоий нафақа олувчи оилалар сонини декабрь ойига келиб, йил бошига нисбатан 2 баробарга кўпайтириб улар сонини 1,2 миллионга етказиш ва мазкур мақсадлар учун республика бюджетидан қўшимча 426 млрд. сўм ажратилади.
Илҳом Маматқуловга кўра, бунда Республикадаги жами оилаларнинг қарийб 14 фоизи ёки камбағал оилаларнинг тўлиқ қисми қамраб олинади. Шу билан бирга, кекса ёшдаги ҳамда ногиронлиги бор шахсларни моддий қўллаб-қувватлаш мақсадида 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб пенсиялар, болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга, зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақалар миқдори 10 фоизга оширилган.
Бундан ташқари, учинчи босқичда, моддий ёрдам ва кўмакка муҳтож “темир дафтар” киритилган оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган болаларига, ногирон ва боқувчисини йўқотганлик пенсияси ёки нафақасини олувчи оилаларнинг 16 ёшга тўлмаган жами 845 минг нафардан ортиқ болаларнинг ҳар бирига 500 минг сўмдан жами 422 млрд. сўм бир марталик ёрдам тўловлари тўлаб берилган.
Камбағаллик – глобал муаммо
Илҳом Маматқулов камбағаллик глобал муаммо эканини таъкидлаб, бу борада халқаро ҳамкорлик қай даражада йўлга қўйилгани ҳақида гапирди. Унга кўра, вазирлик томонидан БМТ Тараққиёт Дастури, Жаҳон банки ва Осиё тараққиёт банки билан доимий ҳамкорлик йўлга қўйилган.
“Ҳозирги кунда Ўзбекистонда Хитой Халқ Республикасининг илғор тажрибасини инобатга олган ҳолда Жаҳон банки, Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Тараққиёт дастури ва бошқа халқаро ташкилотлар экспертлари ҳамда маҳаллий мутахассислар билан биргаликда “Яқин ва ўрта муддатли истиқболга мўлжалланган камбағалликни қисқартириш дастури ва концепцияси”ни ишлаб чиқиш якунланмоқда. Шу билан биргаликда, 2030 йилга қадар Ўзбекистон Республикасида камбағалликни қисқартириш стратегияси ишлаб чиқилмоқда”, дейди департамент директори.
Шунингдек, Маматқулов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев томонидан БМТ ва ШҲТнинг олий даражадаги йиғилишларида илгари сурилган бир қатор ташаббуслар бўйича вазирлик томонидан қандай ишлар амалга оширилаётгани ҳақида гапирди.
Илҳом Маматқуловнинг таъкидлашича, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан камбағалликни қисқартириш масаласини глобал миқиёсда олиб чиқилишини қуйидаги сабаблар билан изоҳласа бўлади:
Биринчидан, БМТ ташкилоти, Жаҳон банки каби бошқа халқаро ташкилотларининг сўнгги 30 йилдан ошиқ давр давомида глобал миқиёсда камбағалликни қисқартириш борасида ижобий натижа эга бўлдилар ҳамда ушбу ташкилотларда етарли даражада тажриба ва йўналишлар базаси шаклланган.
Камбағалликни қисқартириш муаммоси айнан иқтисодий ва молиявий имкониятлари нисбатан чекланган ҳамда ушбу соҳада институционал базаси етарли даражада ривожланмаган мамлакатларда кузатилади.
Шу сабабли, мазкур халқаро ташкилотлар томонидан ривожланаётган мамлакатларга кўрсатилаётган молиявий ва амалий кўмак камбағлликни қисқартиришда муҳим ўринга эга.
Иккинчидан, глобал тус олган коронавирус пандемияси бутун дунёда нафақат камбағаллик балки қашшоқлик даражасининг ошиб кетиши хавфларини кучайтирмоқда.
Умуман олганда бутун дунёда камбағаллик даражасининг ошиб кетиши:
- биринчидан, янги турдаги (ёки бошқа) юқумли касалликларнинг авж олиши ва кенг тарқалишига;
- иккинчидан, одамларнинг моддий аҳволи ёки инсон капиталининг ёмонлашуви оқибатида қатор мамлакатларда ривожланиш истиқболларининг салбий томонга ўзгариши, уларда нобарқарорлик хатарларининг кучайиши ва ушбу муаммоларнинг глобал тус олишига олиб келиши мумкин.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг халқаро саммитларда илгари сурган ташаббусларидан келиб чиқиб, вазирлик томонидан тегишли ишлар олиб борилаётгани маълум қилинди.
“Ҳусусан, 2021 йилда ШҲТга аъзо мамлакатлар доирасида камбағалликка қарши курашиш конференциясини юқори даражада ўтказиш, унинг аниқ муддати ва ўтказиш жойини белгилайдиган концепцияни ишлаб чиқиш учун идоралараро Ишчи гуруҳ шакллантирилди. Хозирги кунда, мазкур концепция лойиҳасининг бирламчи лойиҳаси ишлаб чиқилган бўлиб Ишчи гуруҳ томонидан келишилмоқда. Концепция лойиҳасининг мақсади - ШҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорлик ҳамда камбағалликка қарши курашиш йўналишидаги муаммолар ва истиқболларни муҳокама қилиш учун қулай платформа яратиш ҳисобланади”, дейди Илҳом Маматқулов.
LiveБарчаси