Ўзбекистонда қайси соҳаларда коррупцион жиноятлар ортгани айтилди
3-саҳифа
−
20 Январь
79662024 йилда коррупцияга оид жиноятлар олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида ошган. Бу ҳақда бугун, 20 январь куни АОКАда бўлиб ўтган брифингда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги ахборот хизмати раҳбари Шерзод Сапаров маълум қилди.
Қайд этилишича, 2024 йилда республика бўйича жами 6 898 нафар шахс томонидан 5 716 та жиноят содир этилган бўлиб, 2023 йилга нисбатан коррупцияга оид жиноятлар "Ҳудудгазтаъминот" АЖ, Сув хўжалиги, маҳаллий ҳокимликлар ҳамда банк соҳасида камайган. Бироқ олий таълим, транспорт ҳамда қишлоқ хўжалиги соҳасида бу кўрсаткич ошган. Мактабгача ва мактаб таълими, соғлиқни сақлаш, камбағалликни қисқартириш ва бандлик соҳаларида коррупцияга оид жиноятлар салмоғи юқорилигича қолмоқда.
Шунингдек, оммавий ахборот воситаларида коррупция ҳолатларига йўл қўйилаётганлиги юзасидан эълон қилинган 55 та хабарлар ўрганилиб, уларнинг 25 таси бўйича давлат харидларида қонунбузилиши ҳолатларининг мавжудлиги ҳамда 5 тасида давлат хизматчилари тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланиб келаётгани аниқланган ва қонунбузилиши ҳолатлари бартараф этилган.
Давлат идораларининг функцияларидаги коррупция хавф-хатарлар даражаси баҳолашдан ўтказилиб, 101 та давлат органлари ва ташкилотларининг 7 525 та функцияларидан 495 таси коррупция хавф-хатар даражаси “юқори” деб топилган.
"Давлат органлари ва ташкилотларида коррупцияга қарши курашиш ишларининг самарадорлиги рейтинги баҳоланиб, 95 ташкилотнинг 42 таси “яхши”, 38 таси “қониқарли” ва 15 таси “қониқарсиз” деб топилди. “Қониқарсиз” баҳоланган раҳбарларнинг ҳисоботлари эшитилиб, танқидий муҳокама қилинди. Очиқликка оид қонун ҳужжатлари талабларини бузган 5 нафар мансабдор шахсга нисбатан маъмурий жавобгарлик чоралари қўлланилди", дейди Сапаров
Шунингдек, “Манфаатлар тўқнашуви тўғрисида”ги қонун татбиқ этиладиган давлат органлари ва ташкилотлари рўйхати тасдиқланди. Давлат хизматида юзага келадиган манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари, уларни бартараф этиш чоралари бўйича услубий қўлланма ишлаб чиқилди. Қонун кучга киргунга қадар унда белгиланган талаблар ва механизмларнинг амалиётда ишлаши билан боғлиқ масалалар давлат органлари ва ташкилотларида ишчи гуруҳлар тузган ҳолда ўрганилди.
"Ўрганишларда 182 нафар мансабдор шахснинг яқин қариндошлари бевосита бўйсунувида ёки назорат остида ишлаётгани, 1 минг 513 нафар ходимнинг давлат хизмати билан бир вақтда тадбиркорлик фаолияти билан шуғулланаётгани билан боғлиқ манфаатлар тўқнашуви ҳолатлари аниқланиб, бартараф этилди", дейди у.
Давлат идоралари фаолияти очиқлиги даражасини баҳолашга қаратилган Очиқлик индекси шакллантирилиб, унинг доирасида 103 та давлат органларининг 31 таси "яшил”, 43 таси "сариқ" ва 29 таси “қизил” рангга баҳоланган ҳамда бу тизим орқали барча даражадаги раҳбар ходимларнинг очиқликни таъминлаш соҳасидаги масъулияти оширилган.
Қолаверса, агентликка 2024 йил давомида жами 4 176 та мурожаат келиб тушган бўлиб, уларни кўриб чиқиш натижалари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга, вилоят махаллий ҳокимликларга 55 та сўровнома юборилган, қонунбузилиши ҳолатларини бартараф этиш юзасидан 41 та тақдимнома киритилган, 7 нафар шахс интизомий жавобгарликка тортилган, шундан 1 нафари билан меҳнат шартномаси бекор қилинган, 19 та қабул қилинган қарорлар бекор қилинган, 6 та жиноят иши, 10 та маъмурий иш қўзғатилган ва мавжуд хато-камчиликларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Агентлик томонидан 327 та норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари коррупцияга қарши экспертизадан ўтказилиб, натижаларига кўра 327 та лойиҳанинг 71 фоизида ёки 233 тасида 676 та коррупцияни келтириб чиқарувчи омиллар аниқланган ва уларни бартараф этиш чоралари кўрилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистонда давлат хизматчиларининг коррупцияга мойиллигини текшириш амалиётини жорий этиш таклиф этилаётгани ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси