Ўзбекистонда қанча одам ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган?

Жамият

image

Ўзбекистонда сўнгги уч йилда 1000 дан ортиқ фуқаролар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бу ҳақда кеча, 10 октябрь куни UNICEF, Ижтимоий ҳимоя миллий агентлиги, Адлия вазирлиги томонидан ўтказилган миллий давра суҳбатида Адлия вазири ўринбосари Шерзод Рабиев маълум қилди. 

“Сўнгги уч йилда 1000 дан ортиқ кишилар ота-оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган. Бунга эса уларнинг катта қисми, яъни 80 фоиздан ортиғи ота-оналик мажбуриятларини бажармагани, болаларни ташлаб кетиш ҳолатлари, жисмоний ёки руҳий тазйиқ ўтказгани, ичкиликбозлик, гиёҳванд моддаларига берилиши, боласининг ёки ўзининг ҳаётига қасд қилиш билан боғлиқ жиноят содир этиши сабаб бўлган. Бу рақамлар бизга аниқ маълумотлар асосида шакллантирилган”, дейди Рабиев.

Унинг айтишича, болаларга нисбатан турли шакллардаги тазйиқ ёки зўравонлик ўтказиш ҳолатлари, айниқса, таълим муассасасидаги буллинг, болаларнинг ўзаро бир-бирини камситиши, оилада ота-оналар томонидан зўравонлик ҳолатлари сони йилдан-йилга ортмоқда. 

“Аммо бундан ҳам оғриқли нуқтамиз айрим оилаларда шаклланган носоғлом муҳит ҳисобланади. Чунки ташқи таъсирларни, жумладан, болаларга нисбатан содир этилган ҳуқуқбузарликларни ёки жиноят ҳолатларини илғаш осон. Ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларда уларнинг аниқ статистикаси ва назорати юритилади. Бироқ болаларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини уларнинг ўз оиласида бузилаётганини ҳар доим ҳам пайқай олмаймиз”, деди Адлия вазири ўринбосари.

Эслатиб ўтамиз, 2023 йилнинг тўққиз ойи давомида Ўзбекистонда 1240 та вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик ҳолатлари қайд этилган бўлиб, уларнинг 417 таси жинсий зўравонлик қурбони бўлган.


Мақола муаллифи

Теглар

зўравонлик она-оналик ҳуқуқи Шерзод Рабиев

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг