Ўзбекистонда қамалганлар сони 4 йил ичида 2,5 бараварга ошди
Жамият
−
18 Июль 2023
4954Ўзбекистонда 2019 йилдан 2022 йилга қадар судлар томонидан озодликдан маҳрум қилинганлар сони қарийб уч бараварга ошгани маълум бўлди. Бу бўйича статистика маълумотлари Олий суд томонидан тақдим этилди.
Қайд этилишича, 2019 йилда турли айбловлар билан 6955 нафар шахс озодликдан маҳрум қилинган. Шу йили озодликдан маҳрум қилинганларнинг энг катта улуши Тошкент шаҳрига (1521 нафар) тўғри келган бўлса, энг кам миқдори Қорақалпоғистон Республикасида қайд этилган.
2020 йилга келиб мамлакат бўйича озодликдан маҳрум қилинганлар сони қарийб 2,2 фоизга ортиб, 7107 нафарга етган. Ўша йили ҳам Тошкент шаҳри қамалганлар сони бўйича етакчи бўлган. Қорақалпоғистон ва Хоразмда эса мос равишда энг паст кўрсаткич қайд этилган.
2021 йилга келиб ушбу кўрсаткич кескин ошган ҳолда (олдинги йилга нисбатан 81,1 фоиз) 12 минг 922 нафарга етди. Ҳудудлар кесимида олиб қаралганда ўсиш даражаси бўйича Сирдарё вилояти биринчи бўлган – 132 фоиз. Бундан ташқари, шу йили Наманган (125 фоиз) ва Андижон (110 фоиз) вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳрида (114 фоиз) озодликдан маҳрум қилинганлар сони 2020 йилга нисбатан қарийб икки баравардан ошган.
Ўтган йили эса мамлакат миқёсида озодликдан маҳрум қилинганлар сони 2021 йилга нисбатан яна 36,2 фоизга ортиб, 17 минг 610 нафарни ташкил қилган. Ҳудудлар бўйича шу йили Қорақалпоғистон Республикасида озодликдан маҳрум қилинганлар сони 2021 йилга нисбатан 61,4 фоизга ортган. Шунингдек, Қашқадарё (55,9 фоиз ), Наманган (55,2 фоиз) ва Навоий (47 фоиз) вилоятларида қамалганлар сонининг ўсиши мамлакатнинг қолган ҳудудларига нисбатан юқори бўлган.
Олий суд статистикасига кўра, шу йилнинг дастлабки чорагида 4007 нафар одам озодликдан маҳрум қилинган.
LiveБарчаси
Бухорода Ғиждувон деҳқон бозори ёнмоқда.
14 Декабрь