Ўзбекистонда қачон аномал иссиқ бўлиши ҳақида прогнозлар очиқланди
Бу қизиқ
−
17 Июнь
574742024 йилнинг июль ҳамда август ойи бошларида Ўзбекистонда аномал иссиқлик кузатилиши мумкин. Бу ҳақда Гидрометеорология илмий-тадқиқот институти хабар берди.
Унга кўра, об-ҳаво прогнозларини тузишда республика ҳудудларини тўртта зонага ажратиб тузиш таклиф этилган. Булар Ғарбий зона (Қорақалпоғистон Республикаси, Хоразм, Навоий, Бухоро вилоятлари), марказий зона (Тошкент, Сирдарё, Самарқанд, Жиззах вилоятлари), жанубий зона (Қашқадарё, Сурхондарё вилоятлари) ҳамда шарқий зона (Фарғона, Андижон, Наманган вилоятлари).
Келтирилишича, республиканинг ғарбий қисми ва чўлларда ёзги мавсумда ҳарорат режими кўп йиллик ўртача қийматдан 1-1.25 даража юқори бўлиши кутилмоқда. Қолган ҳудудларда мавсумий ҳаво ҳарорати кўп йиллик ўртача қийматлардан бироз юқори (0.75-1 даража) бўлиши прогноз қилинмоқда. Июль ва август ойининг бошларида ғайритабиий (аномал) иссиқлик даврлари кузатилиши, баъзи кунларда ҳарорат узоқ муддатли ўртача қийматлардан сезиларли даражада кўтарилиши мумкин. Шарқий зона (Фарғона водийси), Тошкент вилоятининг тоғли ҳудудлари ҳамда Сурхондарё вилоятида бутун ёз давомида ҳаво ҳарорати кўп йиллик иқлимий меъёр кўрсаткичларига яқин бўлиши айтилмоқда.
Шунингдек, июнь ойининг биринчи ва учинчи декадаси айрим кунларида Ўзбекистон бўйлаб бироз ёғингарчилик бўлиши кутилмоқда. Текислик ҳудудларида ёзнинг қолган ойларида ёғингарчилик деярли бўлмайди. Бироқ республиканинг тоғли ва тоғолди ҳудудларида қисқа муддатли ёғингарчиликлар бўлиш эҳтимоли мавжуд. Бутун ёз давомида минтақанинг катта қисмида ёғингарчилик миқдори кўп йиллик ўртача қийматларга яқин бўлишини (90 – 110 фоиз) прогноз қилинмоқда. Фақатгина, Фарғона вилояти жануби тоғ ва тоғолди ҳудудларида ёғингарчилик билан боғлиқ ижобий вазият (110 – 130 фоиз) бўлиши кутилмоқда.
“Аксарият жаҳон прогностик иқлим марказларининг прогноз моделларига кўра, 2024 йилнинг ёз мавсумида Марказий Осиёнинг жанубида (Қашқадарё, Сурхондарё вилояти) ҳарорат ва ёғингарчиликда энг муҳим ижобий аномалиялар, ҳатто юқори намгарчилик бўлиши кутилмоқда. Бу ҳозирги мавсумда жанубий минтақаларда ҳам кучли жала ёғинлар ҳамда сел-сув тошқин хавфлари сақланишини англатади. Фарғона водийси вилоятлари тоғ ва тоғолди ҳудудларида қисқа муддатли мавсумий ёғингарчиликлар ортидан сел-сув тошқин хавфлари сақланади”, дейилади хабарда.
Шунингдек, ҳозирги вақтда келгуси мавсум ва ойлар учун тузиладиган об-ҳаво маълумотларини тайёрлашнинг юқори аниқликдаги ишончли усуллари йўқлиги туфайли, уларнинг аниқлиги ёзги мавсум учун ҳарорат бўйича 83-88 фоизни, ёғингарчилик бўйича 65-70 фоизни ташкил этиши маълум қилинган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қурбон ҳайити куни Ўзбекистонда қандай об-ҳаво кузатилиши ҳақида хабар берилганди.
LiveБарчаси