Ўзбекистонда интим ҳаётга оид маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади
Жамият
−
14 Март 2022
16423Ўзбекистонда шахс ҳаётининг сир тутиладиган маълумотларини ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарлик белгиланади. Бу ҳақда “Оила ва хотин-қизларни тизимли қўллаб-қувватлашга доир ишларни янада жадаллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент фармонида белгиланди.
Фармонга кўра, Адлия вазирлиги (Р.Қ. Давлетов), Бош прокуратура (Н.Т. Йўлдошев), Олий суд (К.Ф. Камилов), Ички ишлар вазирлиги (П.Р. Бобожонов) ва Қўмита (З.Б. Махкамова) 2022 йил 1 июнга қадар Вазирлар Маҳкамасига тегишли қонун лойиҳасини киритади. Лойиҳа қуйидагиларни назарда тутади:
• тазйиқ ва зўравонликдан жабрланувчига давлат ҳимоясини тақдим этувчи ордер суд томонидан бир йил муддатгача берилишини белгилаш;
• чет эл фуқароси Ўзбекистон Республикаси ҳудудида алимент мажбуриятларини бажармаганлик учун судланган ёки маъмурий жавобгарликка тортилган бўлса, унга нисбатан Ўзбекистон Республикасидан чиқариб юбориш ва Ўзбекистон Республикасига кириш ҳуқуқини чеклаш бўйича мажбурлов чораларини қўлламаслик;
• аёлни ўз ҳомиласини сунъий равишда туширишга мажбурлаганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
• яқин қариндоши бўлган хотин-қизга қасддан тан жароҳати етказганлик учун жавобгарликни кучайтириш;
• шахс ҳаётининг сир тутиладиган томонларини акс эттирувчи, шаъни ва номусини камситувчи маълумотларни ошкор қилганлик учун жиноий жавобгарликни белгилаш;
• икки ойдан ортиқ муддат мобайнида моддий ёрдамга муҳтож бўлган вояга етмаган ёки меҳнатга лаёқатсиз шахсни моддий таъминлашдан бўйин товлаган шахсга нисбатан ҳақ тўланадиган жамоат ишларига ёки бошқа ишга мажбурий жалб қилиш тарзидаги маъмурий ҳуқуқбузарликка оид жазо турини белгилаш.
Аввалроқ алиментдан қарздорларнинг транспорт воситасини бошқариш ва никоҳ тузиш ҳуқуқи чеклаб қўйилиши маълум бўлганди.