Ўзбекистонда газ ва “свет” нархи қанчага оширилиши муҳокамага қўйилди
Жамият
−
31 Май 2022
326662022 йил 1 июлдан аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм этиб белгилаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Ёқилғи-энергетика ресурсларининг нархларини ўзгартириш тўғрисида”ги қарори лойиҳасида кўзда тутилган.
Қарор лойиҳасини ишлаб чиқишда, биринчи навбатда, аҳолининг кам таъминланган қисмини ижтимоий ҳимоя қилиш асосий мезон қилиб олинган. Халқаро тажрибадан келиб чиқиб, аҳолининг кам таъминланган ва паст даромадли қатлами манфаатларидан келиб чиқиб, ижтимоий ҳимоя самарадорлигини ошириш учун “ижтимоий норма” тизими бутун республика бўйича амалга киритилиши белгиланмоқда.
Маълумот учун, республикада электр энергияси истеъмол қилувчи жами 7,3 млн абонент мавжуд бўлиб, уларнинг 80 фоизи ойига ўртача 200 кВт соатгача электр энергиясини истеъмол қилади. Лекин, мазкур хонадонларнинг ҳиссасига аҳоли истеъмол қиладиган жами электр энергиясининг бор-йўғи 31 фоизи (5,7 млрд кВт с) тўғри келади.
Шунингдек, табиий газ истеъмол қилувчи жами 4 млн абонент мавжуд. Ушбу хонадонларнинг 85 фоизи ёки 3,4 млн та абонент ойига ўртача 500 куб метргача табиий газ истеъмол қилади. Лекин, уларнинг ҳиссасига аҳоли жами истеъмолининг бор-йўғи 35 фоизи (4,5 млрд куб м) тўғри келади.
“Юқоридаги кўрсаткичлар энергоресурсларни истеъмол қилишнинг йил давомида ўртача ойлик даражасини ифодалаганлиги сабабли, ўртача ойлик истеъмолнинг аниқ миқдорларини аниқлаш мақсадида Тошкент ва Наманган вилоятлари ҳамда Тошкент шаҳридаги абонентларда танланма ўрганиш ўтказилди”, дейилади қарорга келтирилган шарҳда.
Ўрганиш натижаларига кўра ушбу ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 86 фоиз, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 65 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 57 фоиз абонент ойига ўртача 250 кВт соатгача электр энергияси истеъмол қилган.
Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 78 фоиз, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 77 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 44 фоиз абонентлар ойига ўртача 250 кВт соатгача электр энергияси истеъмол қилган.
Шунингдек, юқоридаги ҳудудларда йилнинг иситиш талаб этилмайдиган даврида эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи барча абонентлар, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 99 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 86 фоиз абонентлар ойига ўртача 200 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.
Иситиш мавсумида эса эски қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи барча абонентлар, янги қурилган кўп қаватли уйларда яшовчи 93 фоиз ҳамда ҳовлиларда яшовчи 64 фоиз абонентлар ойига ўртача 700 куб метргача табиий газ истеъмол қилган.
Шундан келиб чиқиб, ижтимоий норма миқдори электр энергияси истеъмоли бўйича 250 кВт соатгача, табиий газ бўйича мавсумийлик нуқтаи назаридан келиб чиқиб, апрель-сентябрь ойлари учун 200 куб метргача ва октябрь-март ойлари учун 700 куб метргача миқдорида ўрнатилмоқда.
Мазкур қарор лойиҳаси билан 2022 йил 1 июлдан бошлаб:
Электр энергияси бўйича:
а) аҳоли учун 1 кВт соат электр энергияси истеъмоли ойига 250 кВт соатгача – 325 сўм, 250 кВт соатдан юқори ҳар 1 кВт соат учун – 650 сўм;
Мисол учун, таклиф этилаётган табақалаштирилган нархларда 250 кВт.с гача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун қўшимча харажат ойига 7,5 минг сўмгача, 300 кВт.с гача ишлатадиган абонентлар учун 25 минг сўмгача ва 400 кВт.с гача электр энергия ишлатадиган абонентлар учун эса 61 минг сўмгача етади.
б) 1 кВт соат электр энергияси Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 800 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 600 сўм.
Табиий газ бўйича:
а) аҳоли учун 1 куб м табиий газ истеъмоли ойига иситиш мавсумида 700 куб метргача – 410 сўм, 700 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб метргача – 410 сўм, 200 куб метрдан юқори ҳар 1 куб метр учун – 1 200 сўм;
Мисол учун, иситиш мавсумида 700 куб м гача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 21 минг сўмгача, 1 000 куб м гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 267 минг сўмгачани ташкил этади.
Шунингдек, иситиш мавсумидан ташқари даврда 200 куб м гача табиий газ истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 6 минг сўмгача, 300 куб м гача истеъмол қилувчи абонентлар учун қўшимча харажат ойига 88 минг сўмгачани ташкил этади.
б) 1 куб м табиий газ Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 300 сўм, автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 200 сўм, иссиқлик электр станциялари учун – 1 000 сўм ҳамда қолган юридик шахслар учун – 1 150 сўм.
Суюлтирилган газ эса аҳоли учун – 1 600 сўм миқдорида белгиланмоқда. Бунда, 1 абонентга бир ойда ўртача 20 кг суюлтирилган газ етказиб берилишини ҳисобга олсак, абонентнинг қўшимча харажати бир ойда 9,6 минг сўмни ташкил этади. “Ҳудудгазтаъминот” АЖ корхоналари суюлтирилган газни туман ҳокимликлари билан биргаликда тасдиқланган графикларга мувофиқ аҳолига кунма - кун етказиб беришни таъминлайди.
“Корхоналарни узоқ муддатли режалаштиришга мослаштириш, операцион самарадорликни ва энерготежамкорликни ошириш ҳамда таннархни пасайтириш учун “перспектив мўлжал”ни кўрсатиш мақсадида жорий йил учун янги нархлар билан бирга 2023 йил 1 апрелдан кучга кирадиган янги нархларни ҳам тасдиқлаш таклиф этилмоқда”, дейилади шарҳда.
Бунда, 2023 йил 1 апрелдан қуйидаги нархлар жорий этилиши кўзда тутилмоқда:
а) Электр энергияси бўйича:
• Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун 800 сўм миқдоридаги нархни сақлаб қолиш;
• қолган юридик шахслар учун – 700 сўм.
б) Табиий газ бўйича:
• иссиқлик электр станциялари учун – 1 200 сўм;
• Навоий КМК, Олмалиқ КМК ва бюджет ташкилотлари учун – 1 350 сўм;
• автомобилларни газ билан тўлдириш компрессор станциялари учун – 1 400 сўм;
• қолган юридик шахслар учун – 1 350 сўм этиб белгилаш.
2023 йил 1 апрелдан ўрнатиладиган ёқилғи-энгергетика ресурсларининг нархлари 2024 ва 2025 йилларда фақатгина инфляция даражасига индексация қилиб борилади, 2026 йилдан бошлаб эса электр энергияси, табиий ва суюлтирилган газнинг улгуржи бозорига ўтилади ҳамда нархлар эркин шаклланади.
Қўшимча равишда шуни маълум қилинишича, ушбу қарор лойиҳаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 13 апрелдаги 310-сон қарори билан тасдиқланган “2030 йилгача бўлган даврда Ўзбекистон Республикаси электр энергетика тармоғидаги тариф сиёсатининг асосий йўналишлари”даги қуйидагиларга асосланган:
• электр энергияси учун белгиланган тартибда тасдиқланган тарифлар 2023 йилдан бошлаб, уч йилдан кам бўлмаган муддатга амал қилади;
• аҳолининг кам таъминланган ва ҳимояга муҳтож қатламларини давлат томонидан қўллаб-қувватлаш электр энергиясининг базавий нормасини қўллаш ҳамда электр энергияси учун тарифлар ошганда компенсациялар бериш йўли билан таъминланади;
• тарифлар умум қабул қилинган макроиқтисодий кўрсаткичларни (инфляция, истеъмол нархлари индекси даражаси) ҳисобга олган ҳолда тузатилади.
Қайд этилишича, республикада ёқилғи-энергетика ресурсларига талаб йилдан-йилга ошиб бормоқда. Хусусан, охирги беш йилда аҳолига етказиб берилган электр энергияси 11 млрд кВт соатдан 16 млрд кВт соатгача (1,5 баробарга кўп), табиий газ ҳажми эса 10 млрд куб метрдан 13 млрд куб метрга (1,3 баробарга кўп) ошмоқда.
Энергия таъминотидаги узилишлар (2021 йилда ҳақиқий талабга нисбатан 2-3 млрд кВт соат электр энергияси етказиб берилмаган), кўрсатиладиган хизматлар сифатининг пастлиги, соҳа корхоналарининг молиявий ҳолати барқарор эмаслиги сабабли энергия ресурсларига юзага келаётган қўшимча талабни таъминлаш учун ишлаб чиқаришнинг янги қувватларини барпо этиш, хусусий инвестицияларни кенг жалб этиш учун энергия ресурслари бозорини босқичма-босқич ислоҳ қилишни талаб этмоқда.